Ўзбекистон 587 17.04.2019 07:43:08

ТИВ хорижда ишлаётган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди

ТИВ хорижда ишлаётган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди

2019 йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига мамлакатимиз фуқароси Хабибулло Ўринбоев мурожаат қилган.  У Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидан бўлган укаси Ғолибжоннинг вафот этганини маълум қилган ҳамда унинг жасадини ватанга юборишда ёрдам сўрган. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Касаллик туфайли оламдан ўтган ушбу фуқаро 2018 йилнинг март ойидан буён Приморе ўлкасида қонуний равишда яшаган ва ишчи сифатида турли фаолиятлар билан шуғулланган.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан транспорт ҳаражатларининг бир қисмини қоплашда кўмак бериш масаласини муҳокама қилиш учун Консулхона Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги Ваколатхонаси билан боғланган.

Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг Жамғарма ёрдамида марҳумнинг жасадини акаси Владисвоток-Новосибирск-Фарғона йўналишида Ўзбекистонга олиб кетган.

Ушбу ҳодиса муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат билан чиқди:

“Марҳумнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик бирдирган ҳолда, Консуллик-ҳуқуқий департаменти қуйидагиларни эслатади:

Агарда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган яқин қариндошингиз ёки танишингиз чет элда ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг Россия Федерациясидаги Ваколатхонасига мурожаат қилишингиз тавсия этилади.

Маълумот учун:

Россия Федерациясидаги манзил: Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2 (1-й Казачий переулок, 11/2).

Мурожаат учун телефон рақами: +7-903-507-76-67.

Ўзбекистон Республикасида манзил: Тошкент шаҳри Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 1-уй.

Мурожаат учун телефон рақами: +998-71-202-33-55 (ички рақам: 16, 17). Телеграм канали: @migration_uz


ТИВ Россия миграция

Мавзуга оид