Ўзбекистон 277 16.04.2019 14:45:49

Пахтакорда обод қишлоқ ва маҳаллалар кўпаймоқда

Пахтакорда обод қишлоқ ва маҳаллалар кўпаймоқда

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури ҳамда “Илғор ҳудуд” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳам қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
Тасдиқланган бош режага мувофиқ, Пахтакор туман марказидаги “Дўстлик”, “Дилором”, “Ғалаба”, “Тошкент”, “Самарқанд”, “Олтинкўл” ва “Сувонобод” маҳаллаларидаги маънан эскирган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари яхшиланмоқда.
Туман марказидаги асосий – Шароф Рашидов номидаги кўчанинг йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилмоқда. Шу кўчада жойлашган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.
Янги қурилаётган 23 та, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилаётган 49 та, жами 72 та объектнинг салмоқли қисми ҳам ана шу кўчада жойлашган. Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳам дастур асосида замонавий ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, 2-сонли мактабгача таълим муассасасининг том ва пол қисмларини янгилаш, деворларнинг ички ва ташқи қисмларини замонавий ҳолатга келтириш билан боғлиқ ишлар бажарилмоқда. 10-сонли боғча ҳам ҳар томонлама замонавий ва кўркам кўринишга эга бўлмоқда. Янги барпо этилаётган 160 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасида девор кўтариб том ёпиш, тўсиқларни ўрнатиш ишлари якунланиб, бино фасади ва ички қисмларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ана шундай ишлар 2-, 4-, 31-сонли мактабларда ҳам бажарилмоқда.
“Обод марказ” лойиҳаси асосида Пахтакорда ўнлаб янги савдо, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари, меҳмонхона қад кўтаради, мавжудлари эса бугунги давр талаблари бўйича таъмирдан чиқариляпти.
Канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш ишлари ҳам жадал олиб бориляпти. Айтиш жоизки, кейинги икки йилда туман марказида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 480 хонадонга мўлжалланган 10 та кўпқаватли ҳамда 60 та уч хонадан иборат икки сотихли арзонлаштирилган намунали уйлар қуриб, фойдаланишга топширилган. Жорий йилда ҳам 2 та 96 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли турар-жой қурилмоқда.
Шу билан бирга, 2017-2018 йилларда туман марказидаги абгор аҳволга келиб қолган 185 та кўпқаватли уйнинг 14 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар 12 та кўпқаватли уйнинг том қисми, 5 тасининг фасад қисми мукаммал таъмирланди. Уйларнинг атрофи замонавий қиёфага касб этади, албатта.
1960-1966 йиллар давомида қурилган 88 та барак типидаги уйларда 900 дан зиёд оила, 3 минг 600 дан ортиқ аҳоли оддий маиший шароитлардан ҳам мосуво ҳолда кун кечириб келаётган эди. Бундай уйларда яшовчи оилалар учун “Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 19 гектар, “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 4,2 гектар ер майдонлари ажратиб беришга қарор қилинди. Мазкур янги массивларда 610 та уй барпо этилиши кўзда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, туманда 2018–2019 йиллар давомида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 260,5 млрд. сўм бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 133 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.


Жиззах вилояти Пахтакор тумани Обод маҳалла