Ўзбекистон 510 16.04.2019 10:12:44

Абитуриент энди ҳужжат топширмайди. У Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтади

Абитуриент энди ҳужжат топширмайди. У Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтади

2019 йилги олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига қатнашиш учун абитуриентлар ўз ҳудудидаги давлат хизматлари марказига боради ва рўйхатдан ўтади. Бу ҳақда Давлат тест маркази раҳбарияти “Педагогик ўлчовлар, тест топшириқларини шакллантириш ва тест саволлари базаси билан ишлаш тамойиллари” мавзуида матбуот анжуманида хабар қилмоқда.

Бу йилги тест жараёнида академик лицей ва касб-ҳунар коллеж битирувчилари билан бирга умумий ўрта таълим мактабларининг 11 синфни тугатган ўқувчилар ҳам иштирок этади. Шу боис, дарсликларнинг хилма-хиллиги ва кўплигини инобатга олган ҳолда олий таълим муассасаларига кириш учун қабул тест синовларига тайёргарлик кўришда жорий йилда фойдаланишга тавсия этилган ва тест топшириқларини тузишга асос бўлиб хизмат қиладиган дарслик ва ўқув қўлланмалар рўйхати 2018 йилнинг октябрь ойида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида “Абитуриент 2019” саҳифасида эълон қилинган.

Энди абитуриентлар қайси ўқув муассасасини битирган бўлса, ўзининг таълим дарслиги бўйича тайёрланади. Масалан, мактабнинг 11 синф ўқувчиси касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейи дарсликларини ўқиши шарт эмас. Худди шундай академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи битирувчиси ўзининг ўқув дарсликлари бўйича тайёрланиши керак.

— Бундан ташқари, тест топшириқлари базасини шакллантириш учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича 140 нафар мутахассислардан иборат халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва Фанлар академияси тизимларидан экспертлар гуруҳи жалб этилди,— дейди ДТМ бошқармаси бошлиғи Севар Зупарходжаева. — Абитуриентлар тайёргарлиги даражасига ва тест синови ўтказиладиган барча умумтаълим фанлари бўйича мазмунига қўйиладиган талаблар Кодификатори ва тест топшириқларининг Тафсилотлари ишлаб чиқилди. Талаблар Кодификатори ва тест топшириқлари Тафсилотлари асосида янги тест топшириқларидан иборат намунавий вариантлар шакллантирилиб, 2018 йил ноябрь ва 2019 йил январь ойларида апробациядан ўтказилди. Апробация жараёнида умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг 2 мингга яқин битирувчилари иштирок этган бўлса, бу йил 1 млн 400 нафар битирувчи жалб этиш режалаштирилган. Апробация жараёнида тест топшириқларининг ишончлилиги, валидлиги, муқобил жавоблар (дистракторлар)нинг ишлаши, мураккаблик даражасининг тўғри танланганлиги ўрганилди. Апробация натижасига мувофиқ, тест топшириқлари базасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.

ДТМ раҳбариятининг таъкидлашича, давлат хизматларига мурожаат қилган абитуриент бир вақтнинг ўзида (санъат ва маданият йўналишлари каби ижодий имтиҳон асосида қабул бўладиган таълим муассасаларидан ташқари) учтагача ОЎЮга имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиши мумкин. Фақат таълим йўналиши бир-бирига тўғри келиши керак. Масалан, она-тили ва адабиёт фанларидан ҳар бир тест 3.1 баллни ташкил этса, қолган икки йўнилишда ҳам бу структура ўзгармаслиги лозим. Абитуриент шу структура бўйича танловни амалга оширади.

2019 йилдаги тестда қандай ўзгариш бўлади? Тест топшириқлари базасини шакллантиришда жорий йилдан бошлаб:
— тест топшириқларида график, ёзувсиз карта, расмлар қўлланади;
— адабиёт фанидан таълим муассасалари ўқув дастурига киритилган бадиий асарлардан айримларини тўлиқ ўқиб чиқиш талаб этилади, чунки айнан тавсия этилган адабиётлар асосида тестлар тузилади;
— ўлчам бирликларининг янгича ифодаланиши қўлланади.

Физика, математика, георгафия каби фанларида қўлланадиган ўлчов бирликлари, янгиликларга оид барча намуналар ва тўлиқ ўқилиши керак бўлган бадиий асарлар рўйхати Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган.

Қолаверса, абитуриентларга амалий ёрдам сифатида 2018 йил декабрь ойида ҳар битта фандан 120 тадан рус ва ўзбек тилларидаги тест топшириқлари “Ахборотнома”нинг махсус иккита сонида чоп этилди. Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида ҳам фанларнинг намунавий тест топшириқлари жойлаштирилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, жорий йилдан бошлаб давлат имтиҳонлари пулли бўлиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритилди. Анжуманда биринчи маротаба тест жараёнида қатнашадиган абитуриентлар ҳеч қандай тўлов амалга оширмаслигини, икки ва ундан кўп марта имтиҳон топшираётган абитуриент учун тўлов белгиланиши кутилаётгани, унинг миқдори бўйича ҳали аниқ қарор тасдиқланмагани айтиб ўтилди.

Наргиза Юнусова
Human.uz журналисти



ДХМ тест Давлат тест маркази абитуриент

Мавзуга оид