Ўзбекистон 444 12.09.2019 11:42:06

Рухсатсиз тонировка қилган автомобил эгаси қанча жарима тўлайди?

Рухсатсиз тонировка қилган автомобил эгаси қанча жарима тўлайди?

Фуқароларнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, уларга қулайлик яратиш мақсадида орқа ойналар тусини чекланмаган миқдорда тўловсиз қорайтиришга рухсат берилган.

Орқа ён ойналарининг тусини ҳам чекловсиз ўзгартириш рухсатнома асосида 2 миллион 223 минг сўмга амалга оширилиши белгиланган.

Қарор билан олд ён ойналарнинг тусини ҳам ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада ўзгартиришга рухсат берилган. Орқа ва орқа ён ойналарнинг тусини ўзгартириш(қорайтириш)га рухсатнома олиш учун тўловлар нархлари ҳам сезиларли даражада пасайтирилди ва 11 миллион 150 минг сўм қилиб белгиланди.

Шунингдек, ушбу қарор билан ДЙҲХХ бўлинмаларида ойналарнинг тусуни ўзгартирганлик учун рухсатнома ва махсус галограммалар берилмоқда.

Шунга қарамай, транспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш(қорайтириш)нинг тартибларини бузаётган, бу талабларни менсимаётган ёки унга амал қилмаётган ҳайдовчилар ҳам бор.

Масалан, фақатгина орқа ва орқа ён ойналарнинг чекловсиз қорайтириш белгиланган бўлсада, айрим ҳайдовчилар транспорт воситасларининг олд ён ойналари тусини ҳам чексиз даражада қорайтириб олишмоқда ва бу билан қарор талабларини қўпол равишда бузмоқда.

Айрим ҳайдовчилар амалдаги қонун ва қарор талабларини менсимасдан, ҳеч қандай рухсатномалар олмаган ҳолда транспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириб(қорайтириб) олмоқда.

Қоидалар беҳудага ишлаб чиқилмайди. Шундай экан, ҳар бир ҳаракат иштирокчиси яратилган шароитлардан тўғри фойдаланиши шарт. Акс ҳолда қоидабузарлик учун жазо муқаррардир.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 126-моддаси шундай дейилади:

“Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан белгиланган тартибда ойналарни қорайтириш учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу 5 миллион 068 минг 250 сўмни ташкил этади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу 8 миллион 109 минг 200 сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, транспорт воситаси камчиликлари бартараф этилгунга қадар вақтинчалик жарима майдонига қўйилади.

Албатта, юқорида айтиб ўтилганлардан транспорт воситалари ойналарининг тусини қарор талабларига зид равишда ўзгартириб (қорайтириб) юрган ҳайдовчилар тўғри хулоса чиқаришади.

Транспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш(қорайтириш)ни ният қилган ҳар бир ҳайдовчидан, у ҳоҳ жисмоний, ҳоҳ юридик мақомга эга бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори талаблари асосида иш юритиши лозим.

Ҳайдовчилардан транспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш(қорайтириш) ишларини қарор талаблари асосида, жорий этилган рухсатнома ва махсус галограммаларни ўз вақтида расмийлаштиргандан сўнг амалга оширишларини сўраб қоламиз.

 Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ


Мавзуга оид