Ўзбекистон 157 22.08.2019 12:55:16

Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва камситилиш ҳолатлари ҳар доим беркитилган —Танзила Норбоева

Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва камситилиш ҳолатлари ҳар доим беркитилган —Танзила Норбоева

Эртага 23 август куни Олий Мажлис Сенатининг ХХI ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди. Шу муносабат билан журналистлар ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди. Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Унда Ялпи мажлисда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари борасида 3 та қонун қабул қилиниши кутилаётгани ҳақида маълумот берилди. Улар қайси қонунлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишда қанчалик аҳамиятли?

«Биласиз, илгари зўравонлик ҳақида сўз юритиш анъана эмас эди. Ҳар доим беркитилган. Кимдир аёлини камситадиган ёки хўрлайдиган бўлса, бу ўтиб кетади, деган қараш, шаклланиб келган. Биринчи марта Ўзбекистон тарихида зўравонлик ва камситилиш тўғрисида бемалол айтиладиган бўлди. Ва бу фикр ҳукумат томонидан тўғри қабул қилинди ва тан олинди. Бу мауммо билан курашишга қонунларнинг йўқлиги, “зўравонлик” ёки “тазйиқ” тушунчаларининг мавжуд эмаслиги қайсидир маънода тўсиқинлик қилди. Шу боис эртага “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари муҳокама қилинади», — деди Сенат Раиси.photo_2019-08-22_12-37-11.jpg

Журналистлар томонидан аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш болали, олий маълумотли аёлларни иш ёки ўқишида узлуксиз фаолият олиб бориши учун боғча ёшини белгилашда ўзгариш бўлиши тўғрисида савол берилди.

«Таҳлилларга кўра, олий ўқув юртларига кириш борасида қизлар сони йигитлар сони билан деярли тенг ўринда туради. Айрим олийгоҳларда қизлар, ҳатто, кўпроқ миқдорни ташкил этади. Аммо битираётганда қизларнинг сони камаяди. Бу табиий ҳолат, негаки улар айни шу ёшда оила қуради ва фарзандли бўлиб, айримлари ўқишни якунлай олмайди. Ёки дипломни олгандан сўнг энди иш бошлаганда ёш бола билан турмуш ташвишлари билан бўлиб жамиятдан узилиб қоляпти. Бу мутлақо нотўғри жараён. Ҳозирги глобаллашув даврида 4-5 йил муддат бола тарбиясида бўлган аёл турли ўзгаришлардан четга чиқиб қоляпти. Шу боис, мактабгача таълим муассасалари фаолияти янгидан кўриб чиқиляпти. Аввал болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси атиги 17 фоиз эди. Боғчалар жуда кам бўлгани сабаб 3 ёш этиб белгиланган. Аммо бу ҳеч қачон ўзгармас ёш дегани эмас. Давлат тизимидаги боғчалар, давлат шериклик асосидаги хусусий боғчалар ва хусусий мактабгача таълим муассасалари кенг ривожланяпти. Уларнинг сони ошган сайин бу ёш пасаяди», — деди Танзила Норбоева.

Шу ўринда яна бир муҳим масала ўртага ташланди. Блогер Шаҳноза Соатова аёлларнинг илм билан шуғулланиши, олима аёлларга моддий ёрдам кўрсатишдаги муаммолар хусусида Сенат Раисининг фикрларини сўради.

«Сенатнинг бўлиб ўтадиган ялпи мажлисида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳокамаси доирасида шу масала юзасидан таълим вазирликларига ҳам бир қатор саволлар берилади. Масалан, олий таълим тизимида ёш болали аёлларнинг олий таълим муассасасини битириш имтиҳонлари вақтида боласига 2-3 соат мобайнида қараб турадиган жой ташкил этиш учун бу имконият бор. Университет ҳудудида болалар учун алоҳида хона жиҳозлаб, график асосида тарбиячи ёллаган ҳолда ёш болали аёлларга шароит яратиши мумкин», — деди Сенат Раиси.

Танзила Норбоеванинг қўшимча қилишича, келгусида ҳар бир вазирнинг гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиши керак.

«Хотин-қизлар масаласи билан шуғулланиш аввал айтганимдек, битта ташкилотнинг вазифасига кирмайди. Бу масала билан ҳар бир иш берувчи ташкилот бош қотириши шарт, деб ўйлайман. Мисол учун, Энергетика вазири ўзининг тизимида ишлайдиган хотин-қизларнинг манфаатларига жавобгар бўлиши керак», — деди Танзила Норбоева.

Наргиза ЮНУСОВА,
«Human.uz» aхборот портали мухбири


Мавзуга оид