Ўзбекистон 182 22.08.2019 10:43:34

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева журналист ва блогерлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева журналист ва блогерлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Эртага 23 август куни Олий Мажлис Сенатининг ХХI ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди. Шу муносабат билан журналистлар ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди. Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқот давомида Сенатнинг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти, асосий вазифалари ҳамда Сенат ҳудудлар манфаатларининг давлат миқёсида ифода этилишини таъминлаши ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлиси Сенати Раиси “Сенат халқ манфаатларини қандай ҳимоя қилмоқда?” деб номланган танлов эълон қилди.

Ушбу танловда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телевидение, радио, матбуот, интернет нашрлари ходимлари ва блогерлар иштирок этиши мумкин.

Танловнинг асосий мақсади Олий Мажлис Сенати, сенаторлар фаолиятига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, “Сенаторнинг бир куни”, “Сенатнинг халқаро фаолияти”, “Сенатор сўрови натижалари”, “Сенат аралашуви билан ҳал бўлган масалалар”, “Сенат фаолиятидан ёрқин мисоллар”, “Сенатнинг жамиятдаги муносиб ўрни” каби мавзуларда репортаж, фоторепортаж, очерк, телеочерк, радиоочерк, таҳлилий материал, журналистик суриштирув, фельетон, телекўрсатув, радиоэшиттириш каби турли жанрларда материаллар тайёрлашдан иборатдир. Танлов жорий йилнинг 30 ноябрига қадар давом этади.


Мавзуга оид