Ўзбекистон 938 17.08.2019 21:31:53

Олимжон Ўсаров Олий Суд матбуот котиби лавозимидан кетди. Сабаблари маълум...

Олимжон Ўсаров Олий Суд матбуот котиби лавозимидан кетди. Сабаблари маълум...

Daryo интернет нашрининг хабар беришича, 16 август куни бўлиб ўтган Олий суд жамоасининг тўлиқ таркибдаги навбатдаги йиғилишида Олий суд матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров лавозимини тарк этишини эълон қилган. У мажлисда судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги мавзусида маъруза қилган.

Сайтнинг ёзишича, матбуот котиби ўз маърузасида сўнгги пайтларда ОАВда судлар фаолиятига доир танқидий чиқишлар тобора кўпайиб бораётгани ва бундай чиқишларга жиддий эътибор қаратиш, ўз вақтида, холисона муносабат билдириш лозимлигини, аммо бу масалада сусткашликка йўл қўйилаётганини, айрим судья ва суд ходимлари журналистларнинг суд мажлисларида иштирокига асоссиз тўсқинлик кўрсатётган ҳолатлари учраётганини танқид остига олган. Айни сабабларга кўра, лавозимдан кетишга қарор қилган.

Биз мазкур воқеа юзасидан Матбуот хизмати ходими Зокир Қўзибоев билан боғландик ва у бу хабарни тасдиқлади.

Олимжон Ўсаров ихтисослиги бўйича ҳуқуқшунос, журналист. Икки муддат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Қонунчилик палатаси ахборот хизмати раҳбари бўлган. Шунингдек, бир қатор даврий нашрларда, телевидение ва матбуот хизматларида фаолият юритган. Шунингдек, у 2007-2015 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетида талабаларга дарс берган.


Мавзуга оид