Ўзбекистон 149 13.08.2019 16:42:30

Фуқаролар видеорегистраторига муҳрланган қоидабузарликларга чора кўрилмоқда

Фуқаролар видеорегистраторига муҳрланган қоидабузарликларга чора кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентабрдаги 747-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар www. dyhxx.ejarima.uz сайти орқали қабул қилинмоқда. Бу ҳақида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Матбуот бўлинмаси хабар берди.

“Ҳозирги кунга келиб Тошкент вилояти ҳудудида содир этилган қоидабузарликлар юзасидан 232 та ҳолат бўйича видеоёзув келиб тушди. Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувларнинг 154 таси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида” низом талабларига мос деб топилиб, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ёзиб олинган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари "қайд этилган видеоёзувлар"га тенглаштирилди. Уларга нисбатан тегишли тартибда қарорлар чиқарилиб, уларнинг нусҳалари “Ўзбекистон почтаси” нинг маълумотларни қайта ишлаш маркази орқали қоидабузарлик содир этган ҳайдовчи ёки юридик шахснинг манзилига жўнатилди”, дейди Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Матбуот бўлинмаси бошлиғи, лейтенант Р.Аскаров.

Айтиш жоизки, видеорегистратор орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати, транспорт воситасининг русуми ва давлат рақами белгиси ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилган сана ва вақт аниқ акс эттирилган бўлиши лозим. Бундан ташқари, видеорегистраторларннинг давлат стандартларидан ўтганлиги тўғрисида ҳеч қандай хужжатлар талаб этилмайди.


Мавзуга оид