Ўзбекистон 240 13.08.2019 14:48:50

«Қинғир» йўлни қидирманг, барчасини ҳалолликдан бошланг

«Қинғир» йўлни қидирманг, барчасини ҳалолликдан бошланг

Май-июль ойларида Давлат хизматлари агентлиги расмий саҳифаларига болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш билан боғлиқ 100 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти тизимдаги навбатлар позициялари ўзгариши билан боғлиқ эди.

Мактабгача таълим вазирлигининг расмий мурожаатига биноан, “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича электрон ариза юбориш” ва “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш навбатини текшириш” давлат хизматларини кўрсатиш вақтинча тўхтатилган эди. Мазкур ишлар мактабгача таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш учун имтиёзи бор болаларни электрон навбатга қўйишда махсус ҳисобга қўйиш ва мониторинг қилиш тизими жорий этилиши учун амалга оширилган эди.

Аммо ушбу хизмат тўхтатилгани фуқароларнинг кўп норозиликларига сабаб бўлди. Шу боис, мазкур масалада қўшимча маълумот тақдим этмоқчимиз.

ДХМлар орқали болани давлат МТМга жойлаштириш хизмати илк бор 2018 йил 1 апрелдан жорий этилди. У пайтгача ушбу хизмат илгари мавжуд бўлган қоғоз кўринишидаги журналлардан фойдаланган ҳолда кўрсатилган эди.

ДХМ орқали жорий этилгач, мазкур тизим қўлбола янгиланар эди. Яъни туман мактабгача таълим бўлимлари ўзлари бўш жой ўринларини киритар эди. Бу, ўз навбатида коррупциоген ҳолатларга олиб келиши мумкин эди.

Тизимни такомиллаштиришдан аввал, аҳоли томонидан келиб тушаётган эътирозлар чуқур ўрганилди ва таҳлил қилинди. Натижада битта бола учун бир неча маротаба ариза берилган ҳолатлар ҳам мавжуд эканлиги аниқланди. Бу эса, бир бола 3-4 мартоба навбат олишига олиб келди.

Мазкур хатоликларни баратараф этиш ва келгусида такрорланмаслигини олдини олиш учун тизимни бутунлай модернизация қилиш қарорига келинди.

Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида, эндиликда, мазкур хизматни кўрсатиш жараёнида инсон омили бутунлай йўқ қилиниб, тўлиқ автоматлаштирилди.

Натижада, тизим ишга туширилганидан буён республика бўйича 51 000 дан ортиқ болаларга давлат боғчаларига йўлланма берилди.

Шунингдек, фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, уларга қулайлик яратиш мақсадида эндиликда 2015 йил 1 январдан кейин туғилган болаларнинг маълумотларини киритишда хатоликлар юзага келмаслиги таъминланди. Бунинг учун Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁ маълумотлар базасини болаларни боғчаларга қабул қилиш тизими EMIS билан интеграция қилди. Яъни, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома рақамини киритиш кифоя қилади. Бунинг оқибатида эса, албатта, ортиқча вақт тежалиб тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ҳам камаяди.

2022 йил 1 январига қадар эса «Ягона электрон ФҲДЁ архиви» архивариуслар томонидан тўлиқ шакллантирилиб, давлат хизматларини кўрсатиш тизимига интеграция қилинади.

Аммо, тан олиш керак, бу тизимни ҳам ҳозирча идеал деб бўлмайди. Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари тизимни янада такомиллаштириш, эски тизимдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўришда давом этмоқда.

Энди таниш-билиш, дўст-биродар қидириб, болани боғчага жойлашга «қинғир» йўл қидирманг! Барчасини ҳалолликдан бошланг!

Давлат хизматлари агентлиги


Мавзуга оид