Ўзбекистон 243 01.08.2019 13:40:37

Нuman.uz нашрида чоп этилган «Нима учун ота-оналар ҳукумат қароридан норози? Ёхуд Халқ таълими тижоратми?» мақоласи ва лавҳаси бўйича Халқ таълими вазирлиги изоҳи

Нuman.uz нашрида чоп этилган «Нима учун ота-оналар ҳукумат қароридан норози? Ёхуд Халқ таълими тижоратми?» мақоласи ва лавҳаси бўйича Халқ таълими вазирлиги изоҳи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-сон қарори билан тасдиқланган “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” қабул қилинган.

Унга кўра, Тошкент шаҳридаги 81 та мактабга қабул Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиниши белгиланган. Қабул асосий ва қўшимча квота орқали амалга оширилиши белгиланган.

2019 йилнинг 19 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу ўқув йилида пуллик қабул бўлмайди, деб айтган эди. Ҳозирда болалар асосий квота бўйича қабул қилинмоқда.

Матбуот анжумани давомида, вазир аввалам бор, биз микроҳудуддаги болаларни мактабга жойлаймиз. Жой қолсагина, қўшимча квота бўйича қабулни амалга оширамиз, дея таъкидлаган.
Шу кунга қадар (31.07.2019 й) 3773 нафар бола бириктирилган микроҳудуд доирасида 81 та давлат умумтаълим мактабларига тегишли йўлланмалар асосида коррупциясиз қабул қилинди.
Жамоатчилик таклифи асосида Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий регламентга ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлади. Ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
  
Маъмурий регламентга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қўшимча квота қуйидагиларга ажратилиши белгиланмоқда:
1) микроҳудудда доимий прописка асосида яшаётган фуқароларнинг тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган болаларига;
2) умумий ўрта таълим муассасасида фаолият юритувчи педагог ва ходимлар фарзандларига;
3) акаси ёки опаси мазкур умумий ўрта таълим муассасасида таълим олаётган оилаларнинг мактаб ёшига етган фарзандларига;
4) умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига.

Қўшимча квота асосида ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги билан ПУЛЛИК ТЎЛОВ орқали мактабга жойлаштириш тартиби БЕКОР қилинмоқда. Яъни, бу ўзгартиришлар кучга кирса, қўшимча бир маротабалик тўлов орқали микроҳудудидан ташқаридан ўқувчини жойлаштириш имконияти умуман йўқ бўлади.

Лавҳада бир қатор оналар болаларни микроҳудудидан ташқаридаги мактабга жойлаш бўйича қийинчиликка дуч келаётганлиги ва мактабдаги таълим сифати ҳақида гапирган. Ота-оналарга фарзандларини ўз микроҳудуди бўйича мактабга жойлашни тавсия этамиз. Шундагина улар муаммога дуч келишмайди.

Таълим сифатига келсак, Ўзбекистоннинг барча ўрта таълим мактабларида таълим ягона давлат стандартлари ва дарсликлари асосида олиб борилади. Бу мактабда таълим сифати яхши, бунисида эса ёмон, деган мулоҳазаларни ўринли, деб ҳисобламаймиз. Мактабда таълим сифати аниқ критериялар асосида баҳоланиши керак ва ҳозирда вазирлик бундай миллий баҳолаш тизими устида иш олиб бормоқда.

Микроҳудуд нима учун керак? Микроҳудуд кўплаб мамлакатларда мавжуд бўлиб, мазкур тизим мактаблар учун ўқув йилини режалаштириш учун кўмак беради. Мактаблар микроҳдуддаги болалар сони ва муассасса имкониятларидан келиб чиқиб, синфлар ҳамда ўқитувчилар сони, керакли анжомлар ва дарсликларни ўқув йилига шай қилишда кўмак беради. Микроҳудудлар бизнинг мамлакатимиз қонунчилигида бўлган, аммо бу нормага тўлиқ амал қилинмаган. Микроҳудудлар ҳокимият қарори асосида белгиланади. Ҳозирда вазирлик бу норманинг ижросини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Мазкур нормага амал қилинмаслиги натижасида, аввалги йиллар давомида бир синфда ўқувчилар сони 40-45 нафарга етишига олиб келди. Амалда қонунчиликка назар солсак, бир синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги керак. Болалар сони синфда қанча кўп бўлса, ўқитувчилар болаларга сифатли билим беришда ва улар билан индивидуал ишлашга қийналади.

Лавҳада эски қабул тизимида муаммо бўлмаганлиги ҳақида таъкидланган. Эски тизимда коррупция ҳолатлари ва “юқоридан қўнғироқлар” ёрдамида болаларни микроҳудуддан ташқаридаги таълим муассасаларига жойлаш ҳолатлари бўлган. Бунинг натижасида, микроҳудудда яшовчи аҳоли фарзандлари бошқа мактабларга боришга мажбур бўлган. Янги тизим, аввалам бор, микроҳудудда аҳоли ҳуқуқларини таъминлайди. Микроҳудуд аҳолисининг фарзандлари мактабга қабул қилинганидан кейингина бошқа категориядаги болалар қўшимча квота асосида БЕПУЛ қабул қилинади.

Болалар ёшига келсак, психолог ва педагогларнинг фикрларига кўра, 6 ёшли боланинг мактабда таълим олиши бир оз эрта. 1-синфга бориш бола ҳаётининг энг муҳим даврларидан биридир. Илк ўқув кунларида ўқувчиларнинг кўпчилигида стресс ҳолатлари юзага келиб, бу даврда руҳий кечинмалар устунлик қилади. Бу руҳий кечинмаларни енгиш боладан кучли ирода (ўзига бўлган ишонч, қатъиятлилик, юксак мақсад в.ҳ.)ни талаб қилади. Юқоридаги жараёнлар болада етарли даражада ривожланмаган бўлса, бу бола руҳияти ва соғлиғига таъсир қилиб, салбий оқибатларнинг келиб чиқишига ва бола мактаб ҳаёти давомида қийналишига сабаб бўлади.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати



Мавзуга оид