Ўзбекистон 231 12.04.2019 17:19:55

Комил Алламжонов ХХРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди

Комил Алламжонов ХХРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Ян хоним ва ХХР нинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси жаноб Чжан Вэнчуан билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида агентлик раҳбари Комил Алламжонов “Фейсбук”даги расмий саҳифасида хабар берди.

Маълум қилинишича, мулоқот давомида “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга оширишда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Жумладан, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа турдаги адабиётлар билан таъминлаш, матбаа ускуналарини модернизация қилиш, босмахона ва ишлаб чиқариш биносини таъмирлаш, Кўзи ожизлар босмахонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилган.

"Хитой томони Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашувига шароит яратиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди", дейилади хабарда.


Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Комил Алламжонов “Кўнгил кўзи”