Ўзбекистон 261 23.07.2019 16:40:00

Ногиронлиги бор шахсларга эътибор сусайди(ми?)

Ногиронлиги бор шахсларга эътибор сусайди(ми?)

Расмий маълумотларга қараганда, мамлакатимизда бугунги кунда 780 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар мавжуд. Норасмий манбааларга кўра эса ушбу кўрсаткич уч миллиондан ортиқни ташкил этаркан. Кўриб турганингиздек мазкур рақамлар аҳолининг қарийб 10 фоизини ташкил этмоқда.

Хўш, бугун уларга етарлича эътибор қаратиляптими? Умуман олганда, ногиронлиги бор шахсларни айни пайтда нималар ўйлантираяпти ва уларни нималар қийнаяпти?

Мазкур саволларга жавоб излаганда албатта, мамлакатимиз томонидан чиқарилаётган қарор ва фармонларга назар соламиз. Уларни ўқиб, ногиронлиги бор шахслар ҳам ёмон яшамаяпти, улар ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жиҳатдан тўла-тўкис қўллаб-қувватланяпти, деган хулосага келишимиз табиий. Лекин, аммо, бироқ...
Аслида ҳам шундаймикан?

Қоғозда бажарилди, амалда-чи?

Хабарингиз бор, 2017 йил 1 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такаомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини юқори технологияли ихтисослашган тиббий ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши, шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Демак, фармонда мазкур соҳада амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилган. Амалда-чи? Мазкур фармон эълон қилинганига ҳам мана салкам икки йил вақт бўляпти. Шундай экан, шу вақт оралиғида фармонда белгиланган вазифаларнинг маълум бир қисми бўлса-да бажарилдими ёки улар шунчаки қоғозларда қолиб кетдими?

Назаримизда фармонда белгиланган вазифаларнинг аксарияти ҳали-ҳануз бажарилмаган. Ишонч билан бундай деяётганимизнинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта.

Келинг яхшиси буни ногиронлиги бор шахсларнинг ўзидан тингласак.

“Ҳатто, ўз биномиз йўқ”
image_2019-07-23_18-08-35.png — Салкам бир ярим йилдан буён ойлик маошсиз ишлаб келаяпмиз, — дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек ИСОҚОВ. — Тасаввур қиляпсизми, бир ярим йил-а... айтишга осон, бир-икки ой ойлик маошсиз ишлашнинг ўзи бўлмайди. Шу вақт оралиғида давлат томонидан тўланадиган нафақа пули ва унча-мунча бошқа ишлардан келиб турадиган даромад эвазига кун кечирамиз.

Мана шу бир ярим йил давомида фармонда белгиланганидек ногиронлиги бор шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик. Бундан ташқари, жамоатчилик назорати асосида Тошкент шаҳридаги 12 та ногиронларга ордер берадиган, уларни тиббий кўрикдан ўтказадиган бинони ногиронларга мослашган ёки мослашмаганини ўргандик. Бу ишларни ўз маблағларимиз эвазига амалга оширдик.

Қонунчиликка кўра, нодавлат ва нотижорат ташкилотларига давлат бюджетидан маълум миқдорда маблағ ажратилсин, деган жойи бор. Аммо ўн беш йилдан буён мамлакатимизда фақат ўн битта шундай ташкилотларгина давлат томонидан моддий ёрдам олади. Афсуски, улар ичида Ногиронлар жамияти йўқ.

Мисол учун давлат томонидан моддий ёрдам оладиган ташкилотлар орасида Нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳам бор. Мана шу ташкилот давлат бюджетидан фаолияти учун 200 миллион сўм, ойлик маошлар учун эса 250 миллион сўм маблағ олади. Ваҳоланки, ушбу ташкилотда бор-йўғи етти киши фаолият юритади. Ёки бўлмаса, Ўзбекистон ёшлар иттифоқини олайлик. Улар ҳар йили давлат бюджетидан жуда катта миқдорда моддий ёрдам олади.

Аслини олганда, давлат томонидан энг аввало ҳақиқатан ҳам ижтимоий-иқтисодий, моддий-маънавий ёрдамга мухтожлар яъни биз каби ташкилотлар биринчилардан бўлиб моддий ёрдам олиши керак. Чунки бутун дунёда шундай. Афсуски, бизда ногиронлар, кар-соқовлар, кўзи ожизлар ташкилотларига давлат томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам берилмайди.

Бу ҳам майли. Энг алам қиладигани шу вақтдан бери ўзимизнинг биномиз йўқ. Бир яхши инсоннинг кўмаги билан ҳозирча Шароф Рашидовнинг уйидан бир хона олиб, ўша ерда фаолият юритиб келмоқдамиз. Лекин бу ҳам вақтинчалик.

Ўтган йили октябрь ойида биз халқаро конференция ўтказдик. Ушбу анжуманни ўтказишда бизга ўзимизникилар эмас, балки халқаро БМТ ҳомийлик қилди. Фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур тадбирнинг ташкилий масалаларига қисман ёрдам беришди, холос.

Хуллас, шу тадбирда 12 та давлатдан 12 меҳмон иштирок этди. Улар ҳам ногиронлиги бор шахслар. Улар бизнинг иш фаолиятимиз билан роса қизиқишди. Идорамизни бориб кўришни хоҳлашди. Афсуски уларга биномиз йўқлигини айтишга ор қилдик. Ҳар хил баҳоналар билан уларни бир амаллаб чалғитдик. Бутун бошли жамиятимизда битта-ю битта “Damas” русумли автомашина бор, холос. Уни ҳам бундан бир неча йиллар илгари хорижий элчиларнинг рафиқалари пул йиғиб, олиб беришган.

Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотнинг-ки ўз биноси бўлмаса, айни пайтда уларнинг ўзига моддий ёрдам керак бўлиб турган бўлса-ю, мамлакатимиздаги ногиронларнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат томонидан тўлақонли таъминланаяпти, деб айта оламизми? Йўқ, албатта.

Шу ўринда аччиқ бўлса-да бир ҳақиқатни айтиб ўтай. Бизнинг 80 фоиз вақтимиз жамиятга ҳомий қидириш, пул тушириш билан ўтади. Бунақада биз мамлакатимиздаги ногиронларнинг муаммосини қачон ўрганамиз? Қачон уларга ўзлари истагандек ёрдам бера оламиз?

Ногиронларга қурилган, аммо...

— Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан Сергели туманида ногиронлиги бор шахсларга атаб, 60 та уй-жой қурилди, — дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси ўринбосари Фарҳод АБДУРАҲМОНОВ.
image_2019-07-23_18-09-34.png — Шу уйларни жамоатчилик назорати ёрдамида мониторинг қилдик. Афсуски, ўрганишлар шуни кўрсатдики мазкур уйлар ҳеч қанақасига ногиронлар талабига жавоб бермайди. Ишонасизми, ногиронлар шу уйларнинг ҳатто, лифтидан ҳам фойдалана олмади. Чунки унга ногиронлар аравачасида киришнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Ҳожатхона, ошхона ҳақида-ку умуман гап бўлиши мумкин эмас. Гўёки тўрт мучаси соғлом инсонлар учун қурилган-у фавқулотда биз кабиларга берилгандек. Шу боис кўпчилик ногиронларга шу уйлар ҳам насиб қилмади.

Мазкур вазиятга қурувчи ташкилотдан изоҳ сўраганимизда улар пинагини ҳам бузмай, бу авваламбор ногиронлар учун қурилмаган эди. Фармондан сўнг бу уйларни сиз кабиларга беришга мажбур бўлдик, дейди.

Мамлакатимиздаги меъёрий ҳужжатларга кўра, барча бинолар, кўприклар, йўллар ногиронлар учун мослаштирилиши белгиланган. Лекин ундай эмас. Мисол учун ногиронлиги бор шахслар давлат томонидан нафақа олиши учун ҳар йили тиббий текширувдан ўтиши шарт. Авваломбор буни ўзи бориб турган аҳмоқлик. Ўзи ногирон бўлса-да, қўлтиқтаёқда ёки аравачада зўрға юрса-да кимлар учундир ҳақиқатан ҳам ногиронлигини исботлаши керак. Мана шу тиббий текширувдан ўтказадиган ва ордер берадиган бирорта бино ногиронлар учун мослашмаганига нима дейсиз? Аксарияти иккинчи ёки тўртинчи қаватда жойлашган бўлади. Бу ногиронларнинг устидан кулишдан ўзга нарса эмас, назаримда.
image_2019-07-23_18-12-49.png Охирги йилларда қурилаётган кўприкларга ногиронлар учун махсус лифтлар ўрнатиляпти. Лекин, ачинарлиси ўша лифтлардан ногиронлиги бор шахслар умуман фойдалана олмайди. Чунки у лифтлар ҳамиша ёпиқ бўлади. Ишонмасангиз, сўнгги йилларда қурилган исталган кўприкка бориб кўринг, ўзингиз бунга гувоҳ бўласиз. Бу кўзбўямачилик кимга ва нимага керак?

Бутун бошли мамлакатимизда ногиронлиги бор шахслар учун бор-йўғи тўрттагина соғломлаштириш марказлари мавжуд. Расмий 780 та норасмий 3 миллиондан ортиқ ногирон шу жойларда соғлиқларини тиклаш учун неча йиллаб навбат кутишини тасаввур қиляпсизми? Умуман олганда, биз ногиронлар учун ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Биз ҳам шу юртнинг фуқаросимиз. Бизнинг ҳам ҳаётимизда ҳам бугунги ислоҳотлар шабодаси эсиши керак. Биз ҳам буни ҳис қилайлик. Зеро, бунга бизнинг ҳам тўла-тўкис ҳаққимиз бор, ахир!?.
image_2019-07-23_18-13-01.png Ногиронлар бизга ўгайми?

Яқинда сайтимизда Жанубий Кореада ногиронлиги бор шахслар учун яратилган имкониятлар хусусида мақола эълон қилинди. Мақолада келтирилишича, ушбу давлатда ногиронлиги бор шахслар учун барча шароитлар яратилган. Улар имкониятлардан тўла-тўкис соғлом одамлар сингари фойдаланишади. Барча бинолар, уй-жойлар, йўллар, метро-автобуслар, хуллас, барча-барчасида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган. Ёки бўлмаса, Россия давлатида ҳар йили ногиронлар учун давлат бюджетидан 7 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилар экан.

Хўш, бизда-чи? Биз қачон шу натижага эришамиз? Нима бизнинг юртдаги ногиронлиги бор шахслар давлатга бегонами? Улар бизга ўгайми?

Мазкур масала юзасидан мутасаддилардан изоҳ кутиб қоламиз.image_2019-07-23_18-13-21.png


Ногиронлар суҳбат