Ўзбекистон 98 21.07.2019 18:14:22

Кўкларни тутавер, асрий наволар!

Кўкларни тутавер, асрий наволар!

Марғилон! Икки минг йиллик тарихга эга бўлган қадим ва навқирон шаҳарим. Не бахтки, сен ўтимишда ҳам қўли гул устазодаларинг, моҳир ҳунарманд тўқувчиларинг билан дунёга машҳур бўлгансан. Сенинг само маликаси — камалак рангларида товланувчи, баҳор гулларидек нафис шойи — ипак матоларинг, атласу адрасларинг етти иқлимни ҳайратга солгани рост. Шу боис ҳам атласнинг барча турлари “Марғилон хонатласи”, дея эъзозланади. Ва истисносиз халқ қўшиқларида ҳам у ўз ифодасини топган.

Марғилоннинг ложувард осмони, зар замини унинг бетакрор ипак матоларида акс эттирилган. “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг Марғилон шаҳрида ўтказилиши ҳам мозийнинг замон билан уйғунлашувидир.
d595408cb931b3c20a37996751207f04.png — Мен тўқиётган ипак матоларда юртимизнинг жаннат боғларида пишиб етилган қирмизи олманинг қизил, гилоснинг нимпушти, шафтолининг алвон-олтинранг ранглари мужассам, — дейди кулча юзли моҳир тўқувчи қиз.

Ҳа, Марғилон зеболари ҳар бир ипак толасини нозик қўллари билан силаб, қатим ораларига бир чимдим меҳрини қўшиб тўқийди.

Афсонавий шаҳар — Марғилонга қадам ранжида қилсангиз, қулоқларингиз остида дам Маъмуржон Узоқовнинг, дам Жўрахон Султоновнинг қўҳна, ўлмас қўшиқлари садо бераверади. Қалбингиз ўз-ўзидан яйраб, бирор бир қўшиқни хиргойи қилгингиз ёки йўрғалаб-йўрғалаб рақс тушгингиз келаверади, борлиғингизни оҳанглар шивири чулғайди. Шаҳарнинг ҳар бурчидан сирли овозлар сас бераверади:
“О-ооо ёра, жонон бўламан деб ҳаммани куйдурасанми...” дея устоз санъаткор М.Узоқов саҳнадан бўйлаётгандек бўлса, Тамарахоним атлас кўйлакларини ловуллатиб даврани гир-гир айланаётгандек гўё...
palestina.jpg Марғилон! Не-не соҳир овоз соҳибларига бешик бўлган санъатсеварлар юрти. Унинг олтин бешигида ўз овози билан дунёни ҳайратга солган асл, беназир санъаткорлар улғайди.
Бугун Марғилон ёқут ёз ҳароратидек оташ муҳаббати ила фарзандларини кутиб олаётган онага ўхшайди. У дийдорлашувдан беҳад шоддек жилмайиб, кулимсираб турибди. Бир қўлида патир нону ширмой нон, бир қўлида ризқу эҳтиром рамзи туз. Субҳидамда бошланган меҳмоннавозлик, лутф, товозе кўнгиллларни нурлантириб, турли халқларнинг турфа тиллардаги миллий қўшиқлари самоларни тутаётир, ажиб тароналар навоси қалбларга жўшқинлик, чексиз шодумонлик улашмоқда. Гўёки, олам оғуши қўҳна оҳанглар, сеҳрли садолар маконига айлангандек мафтункор.
photo_2019-07-04_15-22-01.jpg Қўлларига соз, қалбларига эса дилларида такрор айланаётган қўшиқларини жо этган дунё санъаткорлари ўз маҳоратларини намойиш эитшга ошиқаётирлар. Бир-биридан гўзал, дилбар ва мумтоз наволар дам шўх, дам сокин янграйди...

Баъзан худди гўзал оққушдек хиром айлаётган раққослар рақси сизни батамом ром этади. Ажиб кунларнинг ажиб таровати бетакрор, лаҳзалари ғоят сеҳрли...

— Шаҳримизда қўшиқлар байрами бўлиб ўтаётир, — дейди Марғилон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Д.Абдувоҳидов. — Меҳмоннавоз халқимиз қўшиққа шинавандаликда ҳам беназир. Улар нафақат санъатни, балки санъаткорларни ҳам улуғлайди. Буни ҳамшаҳарларимизнинг мазкур тадбирни ўтказишга бундан бир неча ой илгариёқ тайёргарликни бошлаб юборганида ҳам яққол кўриш мумкин.
KMO_088197_219675_1_t218_093018.jpg — Мен Марғилонга биринчи бор ташриф буюрдим, — дейди франциялик меҳмон Dr.Lisack Lucille. — Анжуманга нодир халқ қўшиғи билан келдим. Юртингиз серқуёш Ўзбекистон деганларича бор экан. Эрта тонгданоқ қўёш олтин кокилларини ёйиб юбораркан. Ўз юртимга катта таассуротлар билан қайтадиган бўлдим. Қўшиқлар беллашуви нафақат ижодимизни балки қалбларимизни ҳам бирлаштирди. Ўзбек халқ қўшиғи саналмиш “Сумбула” менга жуда манзур бўлди. Уни менга ҳамюртингиз ижро этиб берди. Ҳозир мен ҳам шу қўшиқни ижро этишга ҳаракат қилаяпман. Агар имкон туғилиб қолса, юртингизга яна келаман.

— Мен халқаро фольклор мусиқа фестивалига қўшни Қозоғистондан келдим, дейди — байрам иштирокчиси Камилла Кернеева. — Минг шукр, ота-боболаримиз бир дарёдан сув ичишган. Биз Марказий Осиё халқлари бир дарёнинг ирмоқларимиз. Тилимиз бошқа бўлгани билан дилимиз, илдизимиз бир, тақдиримиз туташ.

Меҳмон шундай дея дутор наволари-ю дўмбира садолари остида жўшиб халқ ижодидан тўрт мисра лапар куйлади.
photo_2018-07-18_11-30-37.jpg Халқ ижоди. Дарҳақиқат, халқона услубдаги оҳанглар ўзанидан тошгудек ҳайқириб оқаётган дарёлар, шарқираб оқаётган сойлар жаранггидан туғилган. Унда пурвиқор тоғлар ёнбағирларида сурув ортидан юрган чўпон таёғининг тошларга урилган ноласи, тўлин ой ёғдусида пайкалига сув тараётган деҳқоннинг қалб туғёнлари, сулув шарқ аёлининг назокати, латофати мужассам. Шу боис, у гоҳ йиғлоқи ялинчоқ, гоҳ эса шодумон, қочиримли сатрларда намоён бўлаверади:
“Яло-яло-яло, яло демасман, атлас кўйлак обермасанг, ёрим демасман...”

Бир сўз билан айтганда, кўнгил кечинмаларини ифода этган халқ қўшиқлари боқийдир. У кечани бугун билан боғловчи олтин кўприк, халқ хазинасидир...

Мастурахон САИДМУРОДОВА,
журналист



Мавзуга оид