Ўзбекистон 1032 18.07.2019 13:54:00

Марғилондаги коллеж ходимлари 40 даража иссиқда уй бузишмоқда

Марғилондаги коллеж ходимлари 40 даража иссиқда уй бузишмоқда

Куни кеча сайтимизда Фарғона вилояти Марғилон шаҳар, Аҳмад Яссавий кўчасидаги истиқомат қилаётган аҳолининг мурожаати юзасидан видеолавҳа тайёрлаган эдик. Унда айни пайтда уй-жойи сносга тушиб, аҳволи танг қолган фуқаролардан бири Олимжон Абдураззоқовнинг хонадонини тасвирга туширган эдик.

Бундан бир-икки соат олдин шу инсон бизга яна мурожаат қилди. Айтишича, унинг уйини Марғилон шаҳар ҳокимининг буюруғи билан бир нечта коллеж ходимлари бузяпти. Фикрининг исботи сифатида видеолавҳани ҳам юборди.

Видеода “Қаерда ишлайсиз”лар деган саволга бири “Миллий хунармандчилик”, бири “II-тиббиёт коллежида”, бошқаси “Банк коллежида” деб жавоб беради.

Том қисмини бузаётган эркакларга ҳам худди шундай савол берилганида “Майиший хизмати кўрсатиш коллежи”, “Ободонлаштириш”, “Иқтисодиёт коллежи” деган жавоблар янграйди.
a42502cddf7e79eee2e0d83fe26385d9.jpg Айни пайтда меҳнат таътилида бўлиши керак бўлган ўқитувчилар шаҳардаги уй-жойлар бузилишига жалб қилингани ачинарли ҳол.

Бугун мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида, айниқса, ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш таъқиқланган айни бир пайтда мазкур ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?

Бизнинг-ча, бу ислоҳотлар Марғилондаги раҳбарларгача етиб бормаган.

Марғилондаги коллежлар ходимлари янги ўқув йилига тайёргарликни 38-40 даража иссиқ (Гидрометеорология марказининг хабарига ишонадиган бўлсак) остида, чанг-тўзонларга тўла қурилиш майдонларида олиб бормоқда.

Умид қиламизки, тегишли ташкилотлар томонидан педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбарларга қаттиқроқ жазо берилади.


Мавзуга оид