Ўзбекистон 7300 18.07.2019 13:24:16

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб савдо-сотиқда уйда сўйилган чорва ҳайвонларининг гўштидан фойдаланишга чек қўйилади

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб савдо-сотиқда уйда сўйилган чорва ҳайвонларининг гўштидан фойдаланишга чек қўйилади

Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг навбатдаги мажлисида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов маълум қилди.

Йиғилишда чорвачилик маҳсулотларини реализация қилиш ва сўйишда рухсат этилмаган жойларда сўйиш ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланди.

«Бу каби ҳолатларни тартибга солиш бўйича жорий йилнинг 8 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 386-сонли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, мол сўйишнинг қай тартибда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Аҳоли фақат ўз истеъмоли учун ўз хонадонида сўйиши мумкин. Бу ҳолатда ҳам ветеринария врачининг кўригидан сўнггина бу ишни амалга оширишга рухсат берилади. Эндиликда хонадонда сўйилган чорва ҳайвонларининг гўшти 2020 йил 1 январдан бошлаб, савдо расталарида, бозорларда, умумий овқатланиш жойларида сотилиши тақиқланади. Фақатгина замонавий, рўйхатдан ўтган, ветеринария санитария нормаларига жавоб берадиган кушхоналарда сўйилан чорва ҳайвонларининг гўштларидан фойдаланишга мажбур», — деди Баҳром Норқобилов.

Бундан ташқари, чорва ҳайвонларнинг ўз вақтида эмланиши ва Ўзбекистонда соғлом эпизотик вазиятнинг барқарорлигини ушлаб туриш борасида сўз борди. Қўмита раисининг сўзларига кўра, касалланган чорва моллари нобуд бўладиган бўлса, касаллик турига қараб, уни жойида ёқиб-куйдириш ёки кўмиш орқали йўқотилади. Куйдирги сингари ўта хавфли юқумли касаллик борки, у билан касалланиб ўлган ҳайвон кўмиб ташланса ҳам касаллик бактерияси спора ҳосил қилган ҳолда йиллар давомида тупроқ таркибида яшаб қолади ва касаллик тарқатувчи ўчоққа айланади. Шу боис, нобуд бўлган ҳайвонларни ўша жойда куйдирадиган мобил автомобил 700 минг АҚШ доллари миқдорида харид қилинади ва ҳар бир вилоятга биттадан топширилади. Ушбу машина 2 минг градусгача қизийди, натижада касаллик тарқатувчи зарарли бактерияларнинг барини йўқотади. Масалан, куйдиргига чалиниб, нобуд бўлган 785 та қора мол кўмиб, устидан бетон қопланиб, махсус панжараланган махсус «қабр» мавжуд», — деди Баҳром Норқобилов.

Шунингдек, йиғилишда чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экини сифатида 230 минг гектар майдонга маккажўхори экилиши режалаштирилгани айтилди. Бироқ айни дамда мазкур топшириқнинг атиги 42 фоизигина бажарилгани маълум қилинди.


Мавзуга оид