Ўзбекистон 73 18.07.2019 10:27:13

Қадри баланд қадриятлар тараннуми

Қадри баланд қадриятлар тараннуми

Жорий йилнинг 11-13 июль кунлари Фарғона вилояти, Марғилон шаҳри, Эркин Воҳидов номли ижодкорлар боғида “Буюк ипак йўли” Халқаро фольклор мусиқа фестивали бўлиб ўтди.

Уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад фольклор санъатини асраб-авайлаш, дунё ҳамжамиятига тараннум қилиш, давлатлараро ҳамкорликни, дўстликни янада мустаҳкамлаш ва шу билан бир қаторда, ўсиб келаётган ёш авлодлар қалбида фольклор санъатга меҳр уйғотиш.

Уч кун давом этган мазкур фестивалда ўндан ортиқ хорижий давлат ҳамда республикамизнинг барча вилоятидан фольклор мусиқашунослар иштирок этишди.

Фестивалнинг дастлабки куни маҳаллий фольклор жамоаларининг концерт дастурлари билан бошланди. Кечки 19.00 да тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Бош вазир ўринбосари ўз нутқида охирги икки-уч йилликда мамлакатимизда санъатга, айниқса, фольклор мусиқа санъатига берилаётган кенг имкониятлар хусусида сўзлади.

Концерт дастурлари намойиши, халқаро танлов иштирокчиларининг чиқишлари тонгга қадар давом этди.

Фестивалнинг иккинчи куни Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар мактаб-интернатида “Буюк ипак йўлида фольклор санъатининг ривожланиш жараёнлари” мавзусидаги Халқаро илмий-ижодий конференция билан бошланиб, Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоаларининг чиқишларига уланиб кетди. Кун давомида Ипакчилик корхонасида хорижий ва фахрий меҳмонлар учун корхона фаолияти билан танишув уюштирилди. Махсус концерт дастури намойиш этилди. Шундан сўнг Сайид Аҳмадхўжа Эшон мадрасасида “Қарғалар учса қарайлик” спектакль намойиши бўлиб ўтди. Фестивалнинг иккинчи кунига халқаро танлов иштирокчиларининг чиқишлари якун ясади.

Фестивалнинг сўнгги кунида республикамизнинг барча вилоятларидан келган бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, Эркин Воҳидов номли ижод мактабида “Юрт жамоли” тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси бўлиб ўтди. Кечки 19.00 да “Буюк ипак йўли” Халқаро фольклор мусиқа фестивалининг ёпилиши ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Марғилон мусиқа фестивали