Ўзбекистон 333 12.04.2019 12:50:44

Зомин ва Зарбдорда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси қай тартибда амалга оширилмоқда?

 Зомин ва Зарбдорда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси қай тартибда амалга оширилмоқда?

Мамлакатимиз раҳбарининг туманлар марказларини обод қилишга қаратилган қарори ижросин таъминлаш Жиззах вилоятининг туманларида қай тартибда амалга оширилмоқда?

 Зарбдор тумани марказининг замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талабларига жавоб берадиган бош лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа асосида туман марказидаги Мустақиллик кўчаси кенгайтирилиб, икки томонида замонавий савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, Ўзбекистон давлат байроғи мажмуаси, Хотира майдони, 3 та 4 қаватли уй, давлат хизматлари маркази ҳамда бошқа бир қатор маъмурий бинолар, банк-молия муассасалари қад ростлайди.

 “Обод маҳалла” дастури асосида “Мустақиллик”, “Тинчлик” ва “Ойбек” маҳаллаларидаги таъмирталаб аҳволга келиб қолган 50 дан зиёд кўпқаватли уйлар томи ва фасади янгиланиб, дераза ромлар алмаштириляпти, уларнинг кириш йўлакларини бетонлаб, янги эшиклар ўрнатилмоқда. Намунавий лойиҳалар бўйича тандир ва ўчоқхоналар, болалар майдончалари барпо этилмоқда.

 Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 4 та мактабгача таълим муассасаси барпо этилиши, тиббиёт бирлашмаси, 1-сонли болалар боғчаси каби бир қатор ижтимоий муассасалар биноларини таъмирлаш ҳам режалаштирилган.

 Туман марказидан ўтувчи “Жиззах-Қўқон” автомобиль йўли бўйидаги эски истироҳат боғи ўрнида янги “Умид” болалар истироҳат боғи қурилади. Эски Бўстон аҳоли масканида 500 иш ўрнига эга бўладиган тикувчилик корхонаси қуриляпти. Шу билан бирга тумандаги “Шарқ юлдузи”, “Тараққиёт”, “Янгикент”, “Оқар” қишлоқларида ҳам 250 иш ўрнига эга бўлган 4 та тикувчилик цехи ташкил этилади.

 Ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида, янги тармоқлар тортиш, мавжуд қувурларни реконструкция қилиш, янги қудуқлар кавлаш ва мавжудларини таъмирлаш режалаштирилган.

 Вилоятнинг Зомин туманида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мувофиқ, Туркия технологияси асосида бир кунда 400 метр куб оқава сувни зарарсизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланишга йўналтиришга мўлжалланган “Биоланд” сув тозалаш иншооти қурилмоқда. Ҳозирда қурилишнинг биринчи босқич ишлари якунланган.

 Зомин тумани таркибидаги Даштобод шаҳарчасида “Зомин-цемент” корхонаси қурилмоқда. 136 миллион 700 минг евро қийматидаги мазкур ноёб лойиҳанинг амалга оширилиши 400-чидан 700-чи маркагача бўлган юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш имконини беради. “Лайлакуя” қишлоғида эса “Зомин махсус плита” заводи қуриляпти. Испания билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур саноат объектида уй-жой қурилиши учун темир-бетон маҳсулотлари тайёрланади.

 Даштободда, шунингдек, “Зиё” деб номланувчи марказий кўча бўйидаги эски, пастқам уйлар ўрнида 134 та уй калити тез кунларда ўз эгаларига топширилади. Шаҳарчадаги Қорасоч Отақулова кўчасида ҳам замонавий 92 та уй шу йилнинг ўзида қуриб битказилади. Бундан ташқари замонавий бозор, 50 ўринли меҳмонхона, минимаркет, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда тикувчилик мажмуаси ишга туширилади.



Зарбдор Зомин Даштобод