Ўзбекистон 104 18.07.2019 09:37:21

2019 йилнинг биринчи яримида 1800га яқин аёллар, 6 мингга яқин ёшлар судланди

2019 йилнинг биринчи яримида 1800га яқин аёллар, 6 мингга яқин ёшлар судланди

Жиноят ишлари бўйича судларнинг 2019 йилнинг 1 ярим йиллиги давомидаги фаолияти ҳақида ахборот берилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 18 745 нафар шахсга нисбатан 14 269 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 29,1 фоизга, ишлар бўйича эса 29,7 фоизга камайган.

Жумладан, 333 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 14 733 нафарни ташкил этиб, шундан 3 798 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 10 191 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 744 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 13 005 нафари эркаклар, 1 728 нафари аёллар, 5 947 нафари ёшлар (шу жумладан 272 нафари вояга етмаганлар), 438 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

Шунингдек, 1 595 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 13 346 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 4 084 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 3 534 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
infografikazib.png 166 нафар шахсга Ёшлар иттифоқи, 131 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси ва 764 нафар шахсга маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, безорилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш, одам савдоси, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 228 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 286,8 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 1 693 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

6 677 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 46,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 879 нафар шахсга нисбатан 696 та иш кўриб чиқилди. 552 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 242 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди, деб ёзади манба.


Олий суд ахборот

Мавзуга оид