Ўзбекистон 92 16.07.2019 10:43:02

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди кўриб чиққан ишларнинг 53,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди кўриб чиққан ишларнинг 53,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган

Навоий вилоятининг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари судлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили бўйича кенг жамоатчилик олдида ахборот берди, деб Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича вилоят судлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 590 нафар шахсга нисбатан 427 жиноят иши тамомланган. Ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,4 фоизга камайган.

482 нафар шахсга нисбатан 331 жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, 2 нафар шахс биринчи инстанция, 2 нафари юқори инстанция судида оқланган.

Ишлар таҳлили қасддан одам ўлдириш 44,4 фоизга, одам савдоси 57,1 фоизга, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти 13,7 фоизга, фирибгарлик жинояти 38,2 фоизга, ўғирлик 32,3 фоизга, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 40,7 фоизга камайган.

Кўриб чиқилган ишларнинг 53,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Фуқаролик ишлари судларда 3,5 мингдан ортиқ фуқаролик иши мазмунан кўрилиб, ҳал қилинган. Кўрилган ишларидан 84,3 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, 5,3 фоизи бўйича фуқаролик ишлари ҳаракатдан тугатилган, қолган даъво аризалари қонуний асосларга кўра кўрмасдан қолдирилган.

Маъмурий судлар томонидан 10,5 мингга яқин шахсга нисбатан 8 минг 271 маъмурий иш, 391 оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўриб тамомланган.

Ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш амалиётининг таҳлили шуни кўрсатганки, вилоят бўйича умумий маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинланган шахслардан 5 минг 663 нафарига жарима, 101 шахсга махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 328 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 14 шахс депортация қилинган.

Иқтисодий судлар томонидан 2 минг 326 иш кўриб чиқилиб, даъвогарлар, шу жумладан хусусий тадбиркорлик субъектлар фойдасига 169 миллиард сўмдан зиёд зарар ундирилган. Низоли тартибда кўрилган ишларнинг 56,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Даъво ариза ва аризаларини тақдим этишда республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи 433 миллион сўмни, суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 3 миллиард 221 миллион сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга, судлар томонидан кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳам амалга оширилган. Аҳоли билан юздан зиёд учрашув ва очиқ мулоқотлар ташкил этилган, оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишлар ташкил этилмоқда, деб ёзади манба.


Навоий суд сайёр қабул ахборот

Мавзуга оид