Ўзбекистон 32 12.07.2019 17:42:04

Фармацевтика соҳасига татбиқ этиладиган инвестиция лойиҳалари натижасида 3 733 ишчи ўрин ташкил этиш кутиляпти

Фармацевтика соҳасига татбиқ этиладиган инвестиция лойиҳалари натижасида 3 733 ишчи ўрин ташкил этиш кутиляпти

12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги томонидан мамлакатимиз Президентининг жорий йил 10 апрелдаги “2019 – 2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзфармагентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Қориевнинг айтишича, 2019 йилнинг 5 ойи мобайнида қиймати 40,52 миллион долларлик 9 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган бўлиб, унинг натижасида 511 та янги иш ўринлари яратилган.

Шу билан бирга, хорижий ва халқаро молия институтларининг маблағлари иштирокида Тошкент вилоятида умумий қиймати 10,6 млн. АҚШ долларига тенг 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Истиқболдаги режаларга келадиган бўлсак, 2019-2020 йилларда Фармацевтика саноати соҳасида умумий қиймати 327,29 миллион АҚШ долларга тенг 80 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштиришган. 2019 йилнинг ўзида умумий қиймати 196,92 миллион АҚШ долларлик 53 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг амалга ошиши натижасида 3 733 ишчи ўрин ташкил этилади.

Жорий йилнинг 1 июни ҳолатига мамлакатимизда фармацевтика соҳасида 162 корхона фаолият юритаётган бўлиб, улардан 90 корхона дори воситалари, 61 корхона тиббий буюм ва 11 корхона дори воситаси ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш учун лицензияга эга. 2018-2019 йилларда 19 та янги корхона ишга туширилди, улар қошида қўшимча 11 та дори воситаларини ишлаб чиқариш цехлари очилган.

2019 йил 5 ойида 6 574 номдаги хорижий ва 2 508 номдаги маҳаллий дори воситалари, 1 131 номдаги хорижий ва маҳаллий тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат рўйхатидан ўтказилган.


Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 66 нафар мутахассис GCP, GDP, GLP, GMP, GSP стандартларини ўзлаштириш бўйича ўз малакасини оширган.

Республикада 162 та фармацевтика корхонасидан 51 тасида (33%) халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган.

Фармон билан 2019-2021 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда тармоқ корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббий, лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, фармацевтика технопаркини ташкил этиш, республикада хорижий етакчи олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш, Ўзбекистон Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш, Агентликда фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш каби тадбирлар кўзда тутилган ҳамда Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг молиявий манбалари ва ушбу маблағларнинг қайси мақсадларга йўналтирилиши аниқ кўрсатиб берилган, деб ёзади манба.


Фармацевтика матбуот анжумани