Ўзбекистон 205 12.07.2019 14:11:19

Иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ҳам пул ушлаб қолиниши мумкин

Иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ҳам пул ушлаб қолиниши мумкин

Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин, деб Адлия вазирилигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади (http://www.lex.uz/docs/142859):

– солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;

– суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;

– иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги учун берилган, сарф қилинмаган ва вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун;

– ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, – таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун;

– иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;

– интизомий жазо сифатида қўлланилган жаримани ундириш учун.

Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50 фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.

Мазкур чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундай ҳолларда жазо ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик учун ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори етмиш фоиздан ортиб кетмаслиги лозим, деб ёзади манба.


Иш ҳақи ходим