Ўзбекистон 119 12.07.2019 10:58:37

Ҳар йили дунёда 4-5 миллион аҳоли ўз жонига қасд қилади. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда қанча?

Ҳар йили дунёда 4-5 миллион аҳоли ўз жонига қасд қилади. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда қанча?

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти иштирокида «Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар» мавзуида бўлиб ўтган брифингда айтилди.

«Ҳозирги вақтда ўз жонига қасд қилиш глобал муаммога айланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 4-5 миллион инсон ўз жонига қасд қилади. Европа ҳамда ривожланган мамлакатлар олдинги ўринларни қайд этиб турибди. Бу интенсив кўрсаткич дейилади. Яъни ҳар 100 минг аҳолига нисбатан Литвада 68,1, Белоруссияда 63,3, Россияда 58,1, АҚШда 52, Шри-Ланкада 44,6, Венгрияда 42,3, Словенияда 42,2, Латвияда 42, Украинада 40, Эстонияда 35,5 кишининг ўз жонига қасд қилдиши сақланиб қолмоқда», — дейди Хотин-қизлар қўмитасининг раиси Элмира Боситхонова.

619bf0e54d22df1bf29cd21f61c6862f.jpg

Брифингда таъкидланишича, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолати камайиб боряпти. 2019 йилнинг 4 ойи давомида суицид таҳлил қилинганда бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврга нисбатан 3,6 фоизга пасайган. Унда эркаклар ўртасида 57,3 аёллар ўртасида эса 42,7 фоизни ташкил қилган.

Шунингдек, брифингда ўз жонига қасд қилишга сабаб бўлувчи бир қатор омиллар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Яъни Ўзбекистонда аҳоли суицидига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

Руҳий касаллик, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлиши, руҳиятдаги ўзгаришлар — 45 фоиз;

Оилавий жанжаллар, хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши — 13,7 фоиз;

Моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик — 2,3 фоиз;

Гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик — 1,7 фоиз;

Рашк туфайли — 0,7 фоиз;

Ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши — 0,3 фоиз;

Бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) — 17,6 фоиз.

Бундан ташқари, брифингда оиладаги зўравонликларнинг олдини олиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани борасида сўз борди. Ушбу Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳамкорлигида Германия, Англия, Франция, Испания, Арманистон, Қирғизистон тажрибасини ўрганган ҳолда тайёрланган. Ушбу Қонун аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда етакчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонунлар — 2016» деб номланган ҳисоботида 46 мамлакатда оилавий зўравонликни тақиқловчи қонун мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шу боис мамлакатда гендер тенглигини таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонлик, камситиш ва тазйиқлар бўлмаслигига эририш учун ҳам мазкур Қонун лойиҳаси тақдим этилган.

Наргиза ЮНУСОВА,

Human.uz ахборот портали мухбири


Мавзуга оид