Ўзбекистон 121 12.04.2019 07:57:20

Вазир ўринбосари: республикамизнинг 35 фоиз аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган

Вазир ўринбосари: республикамизнинг 35 фоиз аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган

Ширкат, яъни халқ тили билан айтганда “жэк” ҳақида гап кетганда, айрим фуқароларимизда салбий таассурот уйғонади. Негаки, кўпқаватли уйда яшайдиган киши борки, “дом” даги баъзи бир камчилик ёки муаммони бартараф этиб беришни сўраб, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига мурожаат қилганда, у ердан муроди ҳосил бўлмай қайтади. Натижада одамлар орасида “квартплатани ўзи нима учун тўлаймиз” қабилидаги саволлар туғилаверади. Ва бу ҳақли эътироз, албатта. 

Ушбу соҳадаги жуда кўп масала ва муаммоларга барҳам бериш мақсадида “Кўп квартирали уйларни бошқариш” тўғрисида Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлисга киритилди. Бу ҳақда миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу қонун қабул қилингач, бу борадаги тизим тубдан ўзгаради.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари республикамизда бу йўналишдаги айрим ўткир муаммолар хусусида ҳам тўхталди. Айни пайтда уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, мутасаддининг сўзларига кўра, бугунги кунда республикамиз бўйича авария ва шунга яқинроқ ҳолатдаги 411 та кўпқаватли уй мавжуд. Уларда аҳоли истиқомат қилмоқда. Мазкур жойларда Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда инструментал ўрганиш олиб борилди. Эндиликда ушбу уйларнинг қанчаси яшаш учун яроқсиз деб топилса, улар ўрнига шунча янгиси қуриб берилади, қолгани эса зарур даражада таъмирланади.

Н. Назиров тақдим этган маълумотларга қараганда, ҳозир республикамизнинг 65 фоиз аҳолиси, яъни, 21,2 миллион киши марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ҳар йили бу кўрсаткич ошириб борилмоқда. Масалан, ўтган йил давомида сув таъминоти даражаси 1,3 фоизга ошди. Сув ишлаб чиқариш 10 фоиздан юқорилади. 

— Албатта, аҳолига сувни етказиб беришдан олдин, у албатта лабораториядан ўтиши шарт, — дейди вазир ўринбосари. Бунинг учун тизимда 12 та марказлашган ва 49 та объектда сувга алоҳида, оқовага ҳам сифат назорати бўйича лабораториялар ташкил этилди. Жами 76 та лабораториянинг иш  фаолияти талаб даражасига келтирилди. Бу жуда муҳим. Негаки, Тошкент шаҳрида сувимиз мазали, Сирдарёдан нариёғига ўтилса, сув шўрланишни бошлаган. Шу боис, сувни тузсизлантирадиган, уни чучуклаштирадиган қурилмалар республика бўйича ўрнатилмоқда. Улар сувни тозалаб, дистилланган таъм беради.


хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Мавзуга оид