Ўзбекистон 3279 08.07.2019 14:28:36

Газ ва электр энергияси нархларини белгилашда аҳолининг ўртача ойлик маош миқдори ҳисобга олинмайдими?

Газ ва электр энергияси нархларини белгилашда аҳолининг ўртача ойлик маош миқдори ҳисобга олинмайдими?

Бугун Миллий матбуот марказида Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг 2019-йил биринчи ярмидаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режалари тўғрисида анжуман ўз ишини бошлади.

Даставвал, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ўз ҳисоботини тақдим этди. Ўтган олти ой давомида қўмитанинг 4 та мажлиси ўтказилиб, уларда 27 та масала кўриб чиқилгани, кўрилган масалаларнинг бештасини қўмита йўналишига тааллуқли қонунлар экани маълум қилинди.

Қўмита раиси Муҳамет Жумагалдиевнинг сўзларига кўра, улардан бири «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун — халқаро амалиётга мос келадиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ ягона қоидалар, тартиб-таомиллар амалга оширилишини таъминлайди, қўшимча иш ўринлари ташкил этишга, давлат-хусусий шериклик тартиб-таомилларига жалб этилган тармоқлар, идоралар ва хусусий сектор мутахассислари малака даражасини оширишга кўмаклашади.

«Ҳеч бир мамлакатда барча лойиҳаларни давлат томонидан молиялаштиришга маблағ етарли даражада ажратилмайди, бунинг имконияти ҳам йўқ. Шунинг учун ижтимоий соҳадаги ва йирик лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Бу дегани давлат ажратиши керак бўлган маблағнинг бир қисмини хусусий шериклар ўз зиммасига олади», — дейди Жумагалдиев.

Шунингдек, мазкур қўмитада «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш муҳокамаси бўлиб ўтган.

«Бу йўналишда мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланилаётгани йўқ. Мамлакатимиз бўйича ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 3 фоизи ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқарилмайди. Айрим Европа давлатларида бу кўрсаткич 50‑60 фоизини ташкил қилади. Мазкур қонун ушбу камчиликни тўғрилашга хизмат қилади, деб ҳисоблайман», — дейди қўмита раиси.

«Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши унинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. Бундан ташқари, республикадаги молия тизими ишончли фаолият кўрсатишга, бюджет мабдағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш устидан назоратни таъминлашга, олий даражадаги ташкилотлар доирасида эришилган битим ва шартномалар, давлат дастурлари ҳудудий режаларнинг бажарилиши устидан назорат олиб боришга қаратилган. Маълумот учун, Ҳисоб палатаси 2002 йилда ташкил этилган бўлса, шу пайтга қадар унинг фаолиятини тартибга солувчи ягона қонун бўлмаган.

Анжуманда газ ва электр энергиясидан таъминлаш ва ундан фойдалаиш хусусида сўз борди. Қўмита раиси Муҳамет Жумагалдиевнинг маълум қилишича, газ ва електр энергияси тарифлари жаҳондаги ва қўшни мамлакатлар билан солиштирганда, бугунги кунги тариф уларга нисбатан икки-уч баробар, айримларида эса 5-6 баробар арзон. Шунинг учун электр энергияси ва газ нархи секин-аста оширилади, жаҳон мамлакатларидаги нарх билан тенглаштирилади.

ОАВ вакиллари тарифларни белгилашда халқнинг турмуш даражаси, уларнинг ўртача ойлик маоши ҳисобга олиш лозимлигини таъкидлади. Анжуманда Канада тажрибасидан фойдаланишни йўлга қўйиш кераклиги таклиф этилди. Яъни, Канада давлатида ушбу тўловлар аҳолининг учта қатламига алоҳида этиб белгиланган. Кам таъминланганлар учун моддий кўмак ҳам берилади.

Энергетика вазирлиги ходимининг сўзларига кўра, бу жараён аллақачон бошлаб юборилган. Фақат сал бошқачароқ кўринишда. Даставвал, тажриба сифатида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани танлаб олинган. Хонадонларга маълум миқдорда электр энергияси белгиланган. Белгиланган миқдор — 300 киловаттандан ортиқ ишлатган хонадон кўпроқ маблағ тўлайди. Бу тажрибанинг натижаси айни пайтда таҳлил қилинмоқда ва республика бўйлаб кенг жорий қилиниши мумкин.


Мавзуга оид