Ўзбекистон 314 04.07.2019 16:49:03

Адлиянинг ижобий хулосасини олмаган ҳоким қарори бекор қилинади

Адлиянинг ижобий хулосасини олмаган ҳоким қарори бекор қилинади

Қатор оммавий ахборот воситаларида “Дамас” русумли автомашиналарга Термиз шаҳри ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиш тақиқланганлиги оқибатида норозиликлар пайдо бўлгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.

“Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳокимликлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш Вазирликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади”, дейилади вазирликнинг “Ҳуқуқий ахборот” канали берган хабарда.

Хабарда, мазкур масала юзасидан қуйидагилар маълум қилинган.

Термиз шаҳар ҳокими томонидан 2019 йил 13 июнда “Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор билан шу жумладан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб Термиз шаҳри ичида “Дамас” русумли транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатиш бўйича мутасадди идораларга вазифалар юкланган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур қарор лойиҳаси Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принципларини бузиши мумкинлиги туфайли Савдо-саноат палатаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилиши лозимлиги ҳақида хулоса тақдим этилган.

Бироқ, Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан қарор тегишли идоралар билан келишилмасдан, адлия бўлимининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича ижобий хулосасини олмаган ҳолда қабул қилинган.

Юқоридагиларга кўра, 10 кунлик муддатда мазкур қарорни бекор қилиш, шунингдек айбдор шахсларга тегишли чоралар кўрилиши учун 2019 йил 3 июль куни Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан Термиз шаҳар ҳокимлигига тақдимнома киритилди.

Маълумот ўрнида Адлия вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти қатъий назорат остига олинганлигини, бу бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан ҳокимликларга тегишли ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатиб келинаётганлигини билдиради.

Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даврида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан киритилган тақдимномаларга асосан туман (шаҳар) ҳокимларининг 160 та қарорлари бекор қилинган, 165 нафар масъул шахс жавобгарликка тортилган, деб ёзади манба.


Адлия Термиз Дамас

Мавзуга оид