Ўзбекистон 1457 11.04.2019 08:54:32

Депутат Расул Кушербаев: “Бу уйларни арзон дейиш мумкинми?”

Депутат Расул Кушербаев: “Бу уйларни арзон дейиш мумкинми?”

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Сергели туманида қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархлари кескин ошириб юборилганидан шикоят қилган бир гуруҳ фуқароларнинг норозиликлари акс этган видеомурожаатлар кўп муҳокама қилинмоқда. Мазкур вазият юзасидан Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ўз муносабатини билдирди.

Депутат масъул ташкилотларга мазкур масалани кўриб чиқиш юзасидан юборган сўровлари эътиборсиз қолаётганини ёзади:

“Ўтган йилнинг ёзида Сергелида қурилаётган уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетганлиги юзасидан дастлаб Тошкент шаҳар ҳокими ва “Ўзшаҳарқурилишинвест” ИК, кейинчалик Қурилиш вазирлиги, “Ўзқурилишматериаллари” АК ва бошқа масъхул идораларга депутатлик сўрови билан чиқиб, уларни ушбу масалага очиқ кўз билан, бир ойда 1 ёки 1,5 миллион даромад қиладиган уйга муҳтож оиланинг қаричи билан қараб, хулоса чиқаришларини сўровдим. Афсус, шаҳар ҳокими жамоаси ўшандаёқ бу масалага кўз юмиб қўя қолди: бир ой уриниб, ахийри сарсон сўровни “Ўзшаҳарқурилишинвест” ИКга йўналтиришган холос.

Қолганлари ҳам узоқ тушунтиришиб, оддий айтганда “аравани роса судраш”дан нарига ўтишмади. Бироқ 2019 йилда нарх ошмайди, махсус лойиҳа ишлаб чиқдик, деган ваъдалар бор эди...қани?

Хуллас, ўша вақтда қўйилган саволимга ҳозиргача жавоб ола олмаяпман: барака топгур қурувчи, директор, раис, ҳоким ва кўплаб масъуллар яна сўраяпман: Сизларнинг уйга муҳтожлар учун “арзон уй-жой”, деган уйларингиз республика бўйлаб қурилаётган айрим тижорат уйларидан ҳам қимматга айланиб кетаяптику! Камига сифатсиз деган гаплар юрибди. Буни қандай изоҳлайсизлар? Бу уйларни арзон дейиш мумкинми? Гапларимга ишонмасангиз olx.uz га кириб кўринг.

Ота-боболаримиз амал қилиб келган “лафз” деган гап бор ахир, бошда келишилдими бўлди: охиригача лафздан қайтмаслик керак. Бизга шуни ўргатишмаганми аждодларимиз: лафзсизнинг охири вой ва шармандалик”.


Расул Кушербаев депутат