Ўзбекистон 113 28.06.2019 17:52:01

Адлия вазирлиги ва «Fieldfisher» ҳамда «Gateley Plc» халқаро юридик компаниялари ўртасида ўзаро англашув Меморандумлари имзоланди

Адлия вазирлиги ва  «Fieldfisher» ҳамда «Gateley Plc» халқаро юридик компаниялари ўртасида  ўзаро англашув Меморандумлари  имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р. Давлетов бошчилигидаги делегациянинг Буюк Британияга амалий ташрифи доирасида 28 июнь куни Буюк Британия бизнес ҳамжамияти учун “Хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасида Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда адлия вазири асосий маърузачи сифатида иштирок этди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Хабарда айтилишича, тадбирда Буюк Британиянинг Европа, Осиё, Африка ва Америкада ўз фаолиятини юритаётган етакчи юридик, инвестициявий, банк-молия доираларининг 70 нафардан зиёд вакили иштирок этган. Унда шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Шайхов ва Британия-Ўзбекистон жамияти раиси Луи Скайнер ҳам қатнашган.
photo_2019-06-28_17-22-15.jpg Давра суҳбатида Р.Давлетов иштирокчиларни мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар билан таништирган.

Тақдимотда давлат бошқаруви соҳаси, суд-ҳуқуқ, солиқ ва божхона тизимларидаги ҳамда бизнесдаги регулятор функциялар, ортиқча бюрократик таомиллар ва талаблар бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнлари, эркин иқтисодий зоналар фаолияти, хорижий сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар тўғрисидаги маълумотлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган.

Шунингдек, Р.Давлетов Адлия вазирлиги томонидан бизнес процедураларни соддалаштириш бўйича халқаро илғор тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганини, жумладан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятига Буюк Британиянинг Companies House тажрибаси жорий этилганини қайд этган.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Fieldfisher» ҳамда «Gateley Plc» халқаро юридик компанияси ўртасида ўзаро англашув Меморандумлари имзоланди. Ушбу ҳужжатлар Адлия вазирлиги ва мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идоралари ходимларининг касбий малакасини ошириш мақсадида тренинглар ташкил этиш, ўқув тадбирларига компания мутахасисларини жалб этиш, компания офисларида стажировка ўташ, шунингдек, Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этиш ва ривожлантириш учун уларнинг мутахассисларини жалб қилиш орқали ҳамкорликни йўлга қўйишни кўзда тутади.


Адлия Буюк Британия мемарандум

Мавзуга оид