Ўзбекистон 176 28.06.2019 15:09:21

Fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси

Fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси

Бугун “фейк”, “fake news” каби иборалар қулоққа тез-тез чалинмоқда. Атама сифатида улар яқинда истеъмолга кирган бўлса ҳам, ёлғон ахборот тарқатишнинг тарихи анча узоққа бориб тақалади.

Фейкларнинг авж олиши бир томондан оммавий ахборот воситаларининг профессионализмига, бошқа томондан эса ахборот истеъмолчиларининг медиа саводхонлигига боғлиқ масаладир.

Интернет ва ижтимоий медианинг ривожланиши натижасида ҳар бир ахборот истеъмолчиси айни вақтда ахборот тарқатувчи, халқ журналисти ролини ҳам бажармоқда. Инсон биргина бармоқ ҳаракати билан келиб чиқиши шубҳали хабарни минглаб одамларга етказиши мумкин. Шундай шароитда ҳар бир фуқаро ўзи билмаган ҳолда ҳалокатли дезинформация занжирининг бир ҳалқасига айланиб қолиши мумкин.

Ислоҳотларнинг тақдири сайловларда овоз бериш кабинасида тўғри қарор қабул қила оладиган, шахсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий ва ҳоказо соҳаларда ростни ёлғондан фарқлай оладиган онгли фуқароларга боғлиқ.

Фейклар билан курашиш нима учун муҳим? Чунки улар барқарорлик ва хавфсизликка ҳақиқий таҳдид кўрсата олиши фактлар билан исботланган. Масалан, Руандадаги геноцид (1993) айнан маҳаллий радио орқали тарқатилган ёлғон хабар ортидан бошланиб кетгани маълум. 2018 йили Ҳиндистонда WhatsApp мессенжери орқали тарқатилган фейк суратлар сабабли 25 киши омма томонидан ўзбошимчалик билан ўлдириб юборилди.

Шундай шароитда фейклардан келаётган таҳдидни тўғри баҳолаш ва унга қарши тура олиш ҳар бир давлатнинг вазифаси, ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Бу борада қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ахборот тарқатувчиларга бу борада юклатилган масъулиятни яна бир бор эслатиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Чунки ахборот тарқатиш масъулиятини ҳис этиш, бу борада ҳуқуқий оқибатларни ўйлаш ва жавобгарликни унутмаслик замонавий инсон олдида турган асосий вазифалардан биридир.

Юқоридагиларни эътиборга олиб Адлия вазирлиги “Медиа-саводхонлик ва fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси” деб номланган семинар ташкил этди.
Семинардан кўзланган мақсад ҳам ахборот тарқатувчилар билан ўзаро ҳамкорликда турли ахборот хуружларига нисбатан фуқароларда иммунитет ҳосил қилиш ва медиа-саводхонликни тарғиб этиш орқали фейкларга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат эди.

Тадбирда ёлғон, сохта хабарлар муаммосининг келиб чиқиши, кўлами ва уларга қарши курашишда қонунчилик нормаларини фаол қўллаш масалалари муҳокама этилди.

Йиғилганларга мавзуга доир тайёрланган махсус қўлланма ҳам тарқатилди. Қўлланма медиа-макондаги муносабатларнинг қонуний ва тартибли бўлишини таъминлашга ҳамда томонларнинг ҳушёрлигини оширишга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, дейилади Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.


Ёлғон ахборот Адлия вазирлиги