Ўзбекистон 103 26.06.2019 09:30:23

Сайёр қабулларда ўн икки оила яраштирилди

Сайёр қабулларда ўн икки оила яраштирилди

Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари 2019 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилояти Сўх тумани, Қўқон ва Қувасой шаҳрида халқ билан очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўтказди, деб Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, ўтказилган сайёр қабулларда жами 205 нафар фуқаронинг жиноят, маъмурий, иқтисодий ҳамда фуқаролик ишлари бўйича, шунингдек, бошқа ижтимоий масалалар юзасидан мурожаатлари ўрганиб чиқилган.

Сайёр қабулда келиб тушган мурожаатларнинг 44 таси жойида ҳал қилинган. 30 нафар фуқаронинг назорат тартибида шикояти, 8 нафарининг даъво ва бошқа турдаги аризалари ҳамда 2 та ташаккурнома қабул қилинган. Қолган 121 мурожаат юзасидан фуқароларга тегишли ҳуқуқлари тушунтирилди.

Хусусан, сайёр қабулларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган 31 нафар фуқароларга нисбатан ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиб, улар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек, туман, шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий амалий маркази билан ҳамкорликда жами 70 дан ортиқ нотинч оилалардаги эр-хотинлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. “Фарзанд омонат” ва “Ота” номли қисқа метражли видеофильмлар намойиш этилди.

Ажралиш оқибатидаги оилалар фожеаси акс этган фильмлар йиғилганларни бефарқ қолдирмади Натижада ажрашиш ёқасида турган 12 нафар оила яраштиришга эришилди.

1 нафар фуқаро мурожаати жойида ҳал қилиниб, тиббиёт муассасига ишга тикланди.

Бундан ташқари, Қувасой шаҳар, “Арсиф” МФЙ гузарида 50 нафардан ортиқ фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш масалалари муҳокама қилиниб, уй-жой, мерос, оила ва бошқа турдаги низолар юзасидан мулоқотда иштирок этаётган фуқаролар томонидан берилган саволларга Олий суд судьялари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.


Сайёр қабул оила

Мавзуга оид