Ўзбекистон 104 25.06.2019 08:08:12

Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон-ЕИ” Қуйи қўмитасининг йиғилишида иштирок этди

Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон-ЕИ” Қуйи қўмитасининг йиғилишида иштирок этди

2019 йилнинг 24 июнь куни Брюссел шаҳрида адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича “Ўзбекистон-ЕИ” Қуйи қўмитасининг 15-йиғилиши бўлиб ўтди, деб Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Хабарда айтилишича, Адлия вазирининг ўринбосари А.Ташкулов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳамда Европа Иттифоқи вакиллари ўртасида ҳуқуқ устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Европа Иттифоқи вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ҳамда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ҳаракатларига юқори баҳо берилди.

Европалик ҳамкорлар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган коррупцияга қарши кураш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини ошириш борасида амалга оширилаётган чоралар, шунингдек, бу борада фуқаролик жамияти, ОАВ ҳамда халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни олқишладилар.

Йиғилишда, шунингдек, «КАДАП-6», «БОМКА» ва бошқа лойиҳалар доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома борасида музокараларнинг иккинчи раундига тайёргарлик кўриш масаласи йиғилиш кун тартибининг муҳим қисмига айланди.

Брюсселда томонларнинг ўзаро алоқаларининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга йўналтирилган ҳужжат матни келишишининг тез орада якунланишидан манфаатдорлик намоён этилди, деб ёзади манба.


Ўзбекистон – ЕИ йиғилиш