Ўзбекистон 125 20.06.2019 09:32:33

Солиқдан энг кўп қарздорлик қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда

Солиқдан энг кўп қарздорлик қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда

Бу ҳақда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг матбуот хизмати хабарида айтилмоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ қарздорлигини қисқартириш бўйича ўтказилган тадбирлар давомида 1560 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 21 миллиард сўм, 3 минг 250 нафар фуқаронинг 1,7 млрд. сўм солиқ қарзи ундирилди, дейилади хабарда.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда энг кўп қарздорлик қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида солиқ қарзини ундириш бўйича жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 12 минг 765 та қарздор корхонанинг 487,6 млрд. сўмдан зиёд солиқ қарзи ундирилган бўлса, шундан 174,8 млрд. сўми айнан қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мисол учун, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган «KO’PRIKQURILISHBUTLASH» корхонаси раҳбарларининг лоқайдлиги сабаб тўпланиб қолган 1,2 млрд. сўмлик солиқ қарзи мажбурий ундирувга қаратилиб, суд қарори асосида ундирилди.

Худди шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида рўйхатдан ўтган «Тошкент иссиқлик маркази» давлат унитар корхонасининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарзи ойлар давомида тўпланиб қолди. Туман давлат солиқ инспекциясининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, солиқ қарздорлиги бартараф этилмаган. Пировардида 3,2 млрд.сўмлик қарздорлик корхонанинг дебиторлари ҳисобидан инкассо топшириқномаси асосида ундириб олинган.

Тошкент шаҳар ДСБ хабари солиқ тўлвчиларга қуйидаги даъват билан якунланган:

Ҳурматли солиқ тўловчилар!
Бюджетга тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ватанимиз сарҳадларининг мустаҳкамлигига, халқимиз фаровонлигини ошириш ва кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга сарфланади.
Шундай экан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга оширинг!


Солиқ қарздорлиги

Мавзуга оид