Ўзбекистон 122 19.06.2019 13:53:48

Экология қўмитаси белгилаган жарима суд томонидан кескин камайтирилди

Экология қўмитаси белгилаган жарима суд томонидан кескин камайтирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Чимбой тумани инспекцияси томонидан ушбу туманда фермерлик фаолиятини юритувчи С. Юнусовга нисбатан табиатга зарар келтирганлик (фермер хўжалигига тегишли ер майдонида ёниб кетган жийда дарахтлари ҳисобга олинган) учун 12 миллион сўмдан ортиқроқ миқдорда жарима белгиланади.

Лекин суд мазкур масалани тегишли мутахассислар билан ўрганиб чиққанда, зарар миқдори 825 минг сўмни ташкил қилиши аниқланди, дейилади ЎзА берган хабарда.

Фермер С. Юнусов ўз фермер хўжалиги ҳудудига кирувчи ерларни ёввойи ўт-ўландан тозалаш мақсадида қуриган ўсимликларни ёндиради. Олов экин майдонининг бир қисмига ҳам ўтиб кетади. Яхшиямки, ёнғиннинг олди барвақт олинишига эришилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг даво аризасига кўра, фермерга нисбатан 160 туп жийда дарахтини ёқиб юборилганлиги бўйича айблов қўйилган. Зарар 12 миллион 123 минг 254 сўм этиб белгиланган.

С. Юнусовга тегишли бўлган фермер хўжалиги ер майдонларидаги жийда дарахтлари ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими мутахассислари иштирокида қайта кўздан кечирилганда бу ерда 4,1 - 8 сантиметр диаметридаги 9 туп ва 8,1 - 12 сантиметр диаметридаги бир туб жийда дарахтлари ёнгани аниқланади. Яъни, инспекция ходимлари кўрсатгандек, 160 туп эмас, балки 10 туп ёнган экан. Зарар эса 825 минг сўмни ташкил қилади.

Суд фермер хўжалиги раҳбарининг фойдасига қарор қабул қилди, деб ёзади манба.


Экология жийда