Ўзбекистон 163 18.06.2019 12:19:43

Ўтган ҳафта давомида Тошкентда ҳайдовчилар 18 902 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани маълум қилинди

Ўтган ҳафта давомида Тошкентда ҳайдовчилар 18 902 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани маълум қилинди

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш бўйича амалга оширилаётган фаол ташвиқот ишларига ҳамда кўрилаётган бир қатор профилактик чораларга қарамасдан, Тошкент йўлларида ҳануз ЙҲҚ қўпол тарзда бузилишлари кузатилмоқда. 2019-йилнинг 10-июнь кунидан 16-июнгача бўлган давр ичида Йўл ҳаракати қоидалари 18 902 марта бузилганлиги, шулардан 3 420 таси қўпол қоидабузарлик бўлганлиги ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан қайд этилди, деб Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, йўлдаги энг жиддий муаммолардан бири – маст ҳайдовчилардир. Ўтган ҳафта давомида 69 киши ўз транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқарганликлари маълум бўлди.

Шунингдек 10-дан 16-июнгача бўлган давр ичида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши уч маротаба қайд этилди.

Кўплаб ҳайдовчилар автомобиль бошқаруви давомида қўнғироқ ёки SMS га чалғишни жиддий қоидабузарлик ҳисобламайдилар. Минг афсус! Дунё бўйлаб минглаб ЙТҲлар айнан ҳайдовчилар бир-икки сонияга йўл ҳолатини эътиборсиз қолдирганликлари сабабли содир бўлади. Ўтган ҳафта давомида 102 та баённома транспорт воситаси бошқаруви давомида телефондан фойдаланганлик учун тузилган бўса, яна учта баённома – видеомонитордан фойдаланганлик учун расмийлаштирилган.2019_06_17_ГУВД_ЙҲХБ статистикаси (1).png Бахтсиз ҳодисаларнинг яна бир сабаби – светофорнинг тақиқловчи белгисини менсимасликдир. Ушбу қоидабузарлик 192 марта қайд этилиб, улар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-4-моддаси бўйича чора кўрилади.

Ўтган ҳафта давомида транспорт воситасини бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатларсиз автомобиль бошқарган 412 нафар ҳайдовчи ЙПХ инспекторлари томонидан тўхтатилган. 193 нафар ҳайдовчи эса янги автомобилларини ЙҲХБ РЎ ва ИОБда ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаганлар, бунинг учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддасига мувофиқ жавобгарлик кўзда тутилган.

Транспорт воситаларида пиёдалар йўлакчалари бўйлаб ҳаракатланиш шу давр ичида 234 марта қайд этилди, демак ҳайдовчилар 234 марта пиёдалар ҳуқуқини менсимаганлар – бу қанчалик тўғри? Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига мувофиқ, бу каби ҳолатларда жарима ЭКИҲнинг ½ дан 4 бараваригача бўлган пул миқдорини ташкил этиши мумкин.

Аммо пиёдаларга бўлган ҳурмат тўғрисида гапиришдан олдин, йўлларда ҳайдовчиларнинг бир-бирларига бўлган муносабатларига бир назар солайлик: ўтган ҳафтада 571 та кичик ЙТҲ содир бўлган. Натижада йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги сабабли транспорт воситалари ёки бошқа мол-мулк шикастланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 134-моддасига мувофиқ, бу каби ҳодисаларда айбдор шахс ЭКИҲнинг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда жарима тортилади ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача бўлган муддатгача маҳрум этилади.

Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилиши ҳам йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига бўлган ҳурматсизликни акс этади: 1708 та баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддаси бўйича тузилган.

Шуни ҳам тан олиш керакки, йўллардаги кескин ҳаракатлар ҳар доим ҳам ҳайдовчилар сабабли содир бўлмайди. Пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши шу давр ичидан 996 марта қайд этилди. Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ ҳаракатланишнинг нимаси қийин экан.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Йўл ҳаракати қоидалари бир кунда тузилган эмас: уларнинг ҳар бири оғир тажрибадан келиб чиққан қарордир. Қоидаларга жаримадан қўрққанликдан эмас, ўз ҳаётини асраш ниятида амал қилиш зарур. Мудҳиш ЙТҲлар экс этган минглаб фото ва видеоларни эсланг. Улар қурбонлари ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузиш уларга ҳеч қандай таъсир этмаслигига амин бўлганлар.


ЙҲҚ Тошкент ҳайдовчилар

Мавзуга оид