Ўзбекистон 132 18.06.2019 09:59:43

Адлия вазирлиги ходимлари Кореяда стажировка ўташи мумкин

Адлия вазирлиги ходимлари Кореяда стажировка ўташи мумкин

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакилларининг Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида ҳуқуқ ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги давлат органларида қатор учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Хусусан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Н. Жуманиёзов Корея Республикаси Адлия вазирлиги, Ҳукумат қонунчилиги вазирлиги ва Қонунчиликни тадқиқ қилиш институти вакиллари билан учрашди.

Учрашув чоғида икки мамлакат идоралари ўртасида аввал эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон Адлия вазирлиги ходимларининг ушбу идоралар фаолиятини ўрганиш ва вазирлик фаолиятини такомиллаштириш, энг яхши тажрибани жорий этиш учун Корея Республикаси Адлия вазирлиги ва Ҳукумат қонунчилиги вазирлигида стажировка ўтишини ташкил қилишга келишиб олишди.

Кореянинг Қонунчиликни тадқиқ қилиш институти раҳбари Ик Хён Ри билан учрашув чоғида миллий қонунчилик сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва қонунчилик ахборотини ўз вақтида ва аниқ тарқатишга кўмаклашиш каби йўналишларда тажриба алмашиш учун мазкур институтнинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ва “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази билан ҳамкорлик муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, Ик Хён Ри Корея томони ўзбекистонлик ҳамкасблари билан қонунчилик ахборотини тизимли равишда йиғиш ва ишлаш, юридик ва қонунчилик масалаларини ўрганиш ва тадқиқ қилишнинг замонавий услублари билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди, деб ёзади манба.


Адлия Корея ҳамкорлик

Мавзуга оид