Ўзбекистон 307 17.06.2019 13:01:33

ТИВ Сахалин вилоятида хорижий фуқароларининг меҳнат фаолиятига қўйилган тақиқлар юзасидан огоҳлантирди

ТИВ Сахалин вилоятида хорижий фуқароларининг меҳнат фаолиятига қўйилган тақиқлар юзасидан огоҳлантирди

Мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош Консулхонаси маълумотига кўра, Сахалин вилояти губернаторининг 2018-йил 12-декабрдаги 37-сон Фармони билан 2019-йилда мазкур вилоят ҳудудида фаолият юрутувчи хўжалик субектларига таълим, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чакана савдо, хусусий қўриқлаш хизматлари фаолияти, қуруқлик ва қувур транспорти, транспорт воситалари учун тўхташ жойлари, хавфли товарларни ташиш, меҳмонхона фаолияти ва умумий овқатланиш корхоналари, сув чиқариш, тозалаш ва тақсимлаш, оқава сувларни тўплаш ва қайта ишлаш соҳаларига патент асосида меҳнат фаолияти олиб борувчи хорижий фуқароларни жалб этишга тақиқ қўйилди. Бу ҳақда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборотида маълум қилинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 17 июнидан ушбу рўйхатга қўшимча равишда ландшафт ободонлаштириш фаолияти, ишга қабул қилиш, вақтинчалик иш билан таъминлаш агентликлари ва реклама агентликлари фаолияти ҳам киритилди.

Шу муносабат билан Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россия ҳудудида жойлашган ва Сахалин вилоятига боришни режалаштираётган фуқароларимизга юқорида кўрсатилган тақиқларни ҳисобга олишларини сўрайди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Узоқшарқий федерал округи (Амур вилояти, Камчатка ўлкаси, Магадан вилояти, Приморе ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин вилояти, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамалари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.


ТИВ Сахалин

Мавзуга оид