Ўзбекистон 357 13.06.2019 10:48:23

“Фарҳод” бозорида бемор аёл ростдан ҳам “тез ёрдам” тез келмагани учун вафот этганми?

“Фарҳод” бозорида бемор аёл ростдан ҳам “тез ёрдам” тез келмагани учун вафот этганми?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган “Фарҳод” деҳқон бозори ҳудудида кекса ёшли бир аёлнинг тоби қочгани ва чақирилган “тез ёрдам” кечикиб келгани туфайли бемор шифохонада вафот этгани ҳақида хабарлар, шунингдек, тез тиббий ёрдам тизими фаолиятига нисбатан эътирозлар пайдо бўлган эди. Аслида воқеа қандай бўлган? Ростдан ҳам тез ёрдам бригадаси кечикиб келганмиди? Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вазиятни ўрганган ҳолда ўз муносабатини билдирди.

Маълум бўлишича, 2019 йил 8 июнь куни соат 10:24 ва 10:34 оралиғида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call марказига алоҳида-алоҳида иккита қўл телефонидан қўнғироқ бўлади ва улардан бири ёши 50-60, иккинчиси 60-70 ёш оралиғидаги аёлнинг “Фарҳод” деҳқон бозори ҳудудида соғлиғи ёмонлашганини маълум қилади. Ушбу маълумот зудлик билан Учтепа тумани 4-подстанциясига етказилиб, воқеа жойига “тез ёрдам” бригадаси жўнатилади. Навбатчи диспетчер вазиятни ўрганиш мақсадида соат 10:44 ларда қўнғироқ қилганида “тез ёрдам” манзилга етиб бориб, беморга биринчи ёрдам кўрсатаётган бўлади.

Бироқ, соат 10:59 да “Фарҳод” бозоридан яна телефон бўлиб “тез ёрдам” кутишаётганини маълум қилишади. Шунда бозор ҳудудида иккита бемор борлиги маълум бўлади ва зудлик билан бошқа “тез ёрдам” бригадаси жўнатилади. Аммо, “тез ёрдам” боргунича бемор йўловчи машинада шифохонага олиб кетилган экан.

— Бозорлар, чорраҳалар, жамоат жойларида бирор бахтсиз ҳодиса рўй берса ёки кимнингдир тоби қочиб қолса, одатда воқеага гувоҳ бўлган йўловчилар “тез ёрдам” чақиради, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султонов. — Бундай мурожаатларда кўпинча тез тиббий ёрдамга муҳтож беморлар бозорнинг ёки чорраҳанинг қайси бурчагида эканлиги аниқ кўрсатилмайди. Аксарият ҳолларда телефон қилган одам ҳам воқеа жойидан кетиб қолади. Натижада “тез ёрдам” машинаси беморни тополмай овора-ю сарсон бўлади, бемор топилгунча анча вақт йўқотилади. Кўпчилик ҳолларда бундай чақириқларда беморларни топиш имконияти бўлмайди.

Вазирлик тақдим этган ахборотга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида 179 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолига хизмат кўрсатади. Тизимда 705 нафар шифокор ва 1150 нафар ўрта тиббий ходимлари ҳамда диспетчерлар ишлайди. Тез тиббий ёрдам бригадаларига кунига ўртача 3000га яқин (куз-қиш мавсумларида 4000 дан ҳам ошади) чақириқ тушади.


Мавзуга оид