Ўзбекистон 266 13.06.2019 09:01:01

Жанубий Корея фуқаросига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан 776 АҚШ доллар ундириб берилди

Жанубий Корея фуқаросига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан 776 АҚШ доллар ундириб берилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Федерацияга Жанубий Корея истеъмолчилар агентлиги томонидан, фуқароси Минаҳ Ким (Ms. Minah Kim)нинг аризаси келиб тушган.

Аризага кўра, Минаҳ Ким хоним 2018 йилнинг 6 ноябрида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси амалга оширадиган ICN (Incheon) — TAS (Tashkent) — TLV (Tel Aviv) авиақатнови бўйича Испаниянинг чипталарга буюртма берувчи Travelgenio агентлиги орқали бир томонга иккита авиачиптани кредит картасидан жами 1 203 177 Жанубий Корея вони тўлаб сотиб олади.

Ким хоним чипталарга буюртма бериш агентлигидан декабрдаги рейслар ўзгариши ҳақида маълумот олади. Сўнг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясидан рейслари жадвалини юборишни сўрайди. Бироқ авиакомпания вакили тилга олинган рейслар бўйича жадвалда ўзгариш йўқлигини айтади.

Рўйхатдан ўтиш вақтида Ким хонимга айни авиарейс бошқа муқобил рейс таклиф этмасдан бекор қилинганини айтишгандан сўнг, у охирги манзилга етиб бориш учун бошқа авиачипта сотиб олишга мажбур бўлади.

Кейинчалик Ким хоним Travelgenio агентлигидан ҳам, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясидан ҳам ноилож тарзда ишлатилмай қолган бронь пулини қайтаришни илтимос қилади. Шундан сўнг, чиптани бронь қилиб берган агентлик 608 448 вонни (битта бронь учун) 2019 йил 29 январида қайтаради.

Мурожаат муаллифи иккинчи бронь учун ҳалигача пул қайтарилмаётганидан норози экани ҳамда чипта пулини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Федерация томонидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида мазкур кореялик истеъмолчининг 776 доллар миқдордаги маблағи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Сеулдаги ваколатхонаси орқали қоплаб берилган.

Қайд этиш керакки, 2018 йилнинг 13 декабрида Жанубий Корея Республикаси истеъмолчилар агентлиги ўртасида икки мамлакат фуқароларининг истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини тиклаш, трансчегаравий мурожаатларни кўриб чиқиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида бўлган Жанубий Корея Республикаси фуқаролари таклиф, шикоят ва ариза билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефонига ёки www.istemol.uz электрон манзилига мурожаат қилишлари, худди шу каби Жанубий Кореяда ишлаётган, таълим олаётган ёки ўша мамлакатга сайёҳ сифатида борган юртдошларимиз ҳам истеъмолчи сифатида — савдо-сотиқ ёки хизмат кўрсатиш соҳасида бўлишидан қатъи назар, ҳуқуқлари бузилган ҳолатда Жанубий Корея истеъмолчилар агентлигининг 1372 ишонч телефонига, шунингдек, crossborder@kca.go.kr электрон манзилига мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу амалиёт икки мамлакат сайёҳларига кўп миқдорда зарар етказилиши, қолаверса, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муаммоларга ўз вақтида ечим топишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, МДҲ мамлакатларидан фақат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Халқаро истеъмолчилар ташкилоти — «Consumer International»нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади, — дейилади Федерация ахборотида.


Мавзуга оид