Ўзбекистон 393 12.06.2019 10:47:31

Депутат: пальма ёғи эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин

Депутат: пальма ёғи эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин

Аҳоли саломатлигини сақлашда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги масалалари энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари соғлом авлодни шакллантириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда соғлом овқатланишни йўлга қўйиш борасида тизимли ислоҳотларнинг ташаббускори бўлмоқда. Ҳақиқатан ҳам, аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг кейинчалик инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги масалалари илмий тадқиқот ишларининг мавзусига айланаётганлиги билан бирга бу соҳадаги қонунчиликни ҳам такомиллаштириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.

Фуқароларимиз томонидан мамлакатимизга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири тўғрисида ўрганишлар ўтказиш, озиқ-овқат саноатидаги мавжуд стандартлар талабларига риоя қилиниши масалаларини Парламент назоратига олиш бўйича мурожаатлар бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан даҳлдор давлат органларига маълумотлар сўраб сўровлар юборилган ва ўрганишлар олиб борилмоқда. Таҳлиллардан шуни кўриш мумкинки, охирги уч йилда мамлакатимизга ўртача 50 минг тоннадан пальма ёғи олиб кирилган бўлса, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида 31 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Бу эса жорий йилнинг ўтган даври давомида пальма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсаётганлигини кўрсатмоқда.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, пальма ёғининг импорт ҳажми нега ошиб бормоқда? У қандай мақсадларда ишлатилмоқда? Озиқ-овақт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ишлатилаётган пальма ёғи инсон саломатлиги учун қанчалик хавфли? Ушбу масалаларни ким назоратга олади?

Бу каби саволларга тўғри жавоб топиш ва тегишли хулосалар қилиш ўта муҳим масалалардан биридир. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига асосан пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфлилиги тиббиётда аниқланган бўлиб, ҳатто, эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин экан.

Бугунги кунда, пальма ёғини истеъмоли рухсат этилган кўплаб давлатлар билан бир қаторда, унинг истеъмолини тақиқлаган бир қатор давлатлар ҳам мавжуд. Ҳақиқатан ҳам, ажратиб олинишига қараб икки турга ажратиладиган пальма ёғининг техник пальма ёғидан асосан ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшилади ва ундан озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатиш мумкин эмас. Ўзбекистонда ҳам, амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш тақиқланган.

Умуман пальма ёғининг ишлатилиши бўйича, пальма ёғининг инсон организмига таъсири, унинг ижобий ёки салбий хусусиятлари, таркибида пальма ёғи бўлган маҳсулотларнинг турлари, уларнинг ишлатилишини тартибга солишнинг стандартларини такомиллаштириш, бу борада амалиётда учраётган тизимли муаммолар ва соҳада олиб борилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан мутасадди идоралар ўз эътиборларини кучайтиришлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу билан бирга, ўйлайманки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижалари асосида ушбу масалага доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади.

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Мавзуга оид