Ўзбекистон 1767 12.06.2019 08:33:33

С.Юсупов 160 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум қилинди

С.Юсупов 160 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум қилинди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 2019 йил 10 май куни фуқаро Юсупов Саид-Абдулазиз Камолиддинович ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг маълум қилишича, С.Юсупов:

- фуқаро А.А.ни алдаб, биргаликда бизнес-лойиҳасини амалга ошириш учун ундан Д.С. ва А.Д.лар орқали 65 минг АҚШ доллари;
- Ж.Д.га кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускунаси етказиб беришини айтиб, ундан 15 минг АҚШ доллари;
- Б.Я.дан унинг қизини Тошкент Давлат Юридик Университетига ўқишга киритиш учун 35 минг АҚШ доллари;
- Д.С.нинг ишончига кириб, ғишт ишлаб чиқариш завод учун керакли жиҳозларни етказиб беришини айтиб, ундан 28.000 АҚШ доллари;
- К.Е.нинг ишончига кириб, ундан 15 минг АҚШ доллари;
- В.С.нинг ишончига кириб, ундан 2 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

С.Юсупов 2013-2017 йиллар давомида жами 6 нафар фуқародан 160 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шундан 3 нафар жабрланувчига бор-йўғи 2300 АҚШ долларини қайтарган, 157.700 АҚШ долларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича 2019 йил 12 май куни С.Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Ҳозирда турли ижтимоий тармоқларда С.Юсуповнинг қариндошлари ва айрим нашрлар томонидан С.Юсуповнинг ҳибсга олинишига қандайдир сиёсий тус беришга уринишлар бўлсада, қатъий айтиш керакки, унга тергов даврида қўйилаётган айблов мутлақо иқтисодий жиноятлар доирасидадир. Мазкур жиноят ҳолатларидан жабр кўрган фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қонун талабидир”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг шу йил 16 майдаги хулосасида С.Юсуповда қон-томир касаллиги, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган.

С.Юсуповнинг онаси Ж.Бакаева 7 июнь куни Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, ўғли тергов жараёнида қийноққа солинаётганлиги, шу сабабли ўғлини ҳимоячиси иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган.

8 июнь куни Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А.Шоймардонов иштирокида мутахассис-шифокорлар жалб қилинган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилган.

С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шоймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтириш хатида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий таъзиқлар ўтказилмаганлиги, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди.

Мазкур жиноят ишининг тергови Бош прокуратура назоратига олинган.


С.Юсупов иши

Мавзуга оид