Ўзбекистон 52 11.06.2019 16:33:39

Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида “хоспис” бўлинмалари ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида “хоспис” бўлинмалари ташкил этилиши мумкин

Онкологик касалликлар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё миқёсида мураккаб муаммоларнинг бири бўлиб келмоқда. Статистика маълумотлари сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бораётганлигидан далолат бермоқда. Касалликнинг сўнгги босқичларида бўлган умидсиз оғир беморларга паллиатив ёрдамни (беморлар ҳолатини енгиллаштиришга, оғриқни қолдиришга, умрини узайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуини) кўрсатувчи “хоспис” бўлинмаларини ташкил этиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолаётгани Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди.

Муҳокамалар чоғида вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида, жами тўртта минтақалараро “хоспис” ташкил этилиши масалалари депутатлар диққат марказида бўлди.

Тадбирда қайд этилганидек, Хоразм вилоятида илгари 20 ўринга мўлжалланган “хоспис” фаолият юритган бўлиб, ҳозирги кунда унинг базасида вилоят ҳокимининг 2019 йил 9 апрелдаги қарори билан Хонқа туманида 50 ўринли минтақалараро “хоспис” бўлимини ташкил этишга доир амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Фарғона шаҳрида 50 ўринли минтақалараро “хоспис” ташкил этиш юзасидан вилоят ҳокимининг 2018 йил 15 августдаги фармойиши қабул қилинган бўлиб, мазкур муассасага ажратилган бинода реконструкция ишлари якунланган. Бироқ, бугунги кунда мазкур масала юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинмаганлиги туфайли, ушбу муассаса фаолиятини молиялаштириш ишлари амалга оширилмаган.

Қолаверса, Самарқанд вилоятида эса 50 ўринга мўлжалланган мазкур муассасани Самарқанд шаҳри Кимёгарлар қўрғонида жойлашган собиқ вилоят психоневрология диспансери биносида жойлаштириш юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда юқорида зикр этилган 3 та минтақалараро “хоспис” бўлимларини ташкил этиш юзасидан муайян ишлар бажарилганлигини қайд этган ҳолда, мазкур масала Тошкент шаҳрида тўлиқ ўз ечимини топмаганлиги депутатларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Масаланинг моҳияти шундаки, айнан Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган минтақалараро “хоспис” республика аҳолисига паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатиш бўйича методик марказ вазифасини бажариши ҳам назарда тутилган. Уни ташкил этиш ва фаолиятини ўз вақтида йўлга қўйиш умидсиз оғир аҳволда бўлган, ўзгалар қарамоғисиз қолган беморларга зарур ёрдамлар, шу жумладан, психологик ёрдамлар кўрсатилишида муҳим тиббий-ижтимоий аҳамият касб этади.

Йиғилиш якунида юқоридагиларни ҳамда қўмита аъзоларининг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссияга маълумот киритишга келишиб олинди.


Онкологик касалликлар “хоспис” бўлими

Мавзуга оид