Ўзбекистон 138 11.06.2019 15:57:22

Профилактика тадбирлари самара беряптими? Жиноятлар сони қанчага камайди?

Профилактика тадбирлари самара беряптими? Жиноятлар сони қанчага камайди?

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ томонидан “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишда профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳамкорлиги” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда турли тадбирлар натижасида жиноятлар ўтган йилга нисбатан 30,4 фоизга камайишига эришилгани ҳақида маълумот берилди. (Бу йил ўтган 5 ойида жами 12 минг 171 та жиноят рўйхатга олинган бўлса, ўтган йилнинг 5 ойида 17 минг 484 та жиноят қайд этилган).

Аммо 135 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилган. Ҳуқуқий профилактика тадбирлари натижасида 6 минг 107 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Бунинг натижасида, ҳудудда содир этилиши мумкин бўлган фуқароларнинг шахсий мол-мулкини талон-торож қилинишини олдини олиш мақсадида 2 минг 150 та хонадон (савдо дўконлари) қўриқлаш пультларига уланиб, хонадон эгаларининг хотиржамлиги таъминланган, дейилади вазирлик ахборотида. Бугунги кунда фуқароларга нисбатан жиноятлар содир этиб жазодан қочиб юрган 241 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланган.

Қолаверса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикада содир этилган қотиллик ва унга суиқасд қилиш жиноятларининг 58 таси (43.3 фоизи) оила ва турмуш муносабатлари доирасидаги келишмовчиликлар туфайли содир этилганлиги қайд этилган. Анжуманда ўтган 5 ой мобайнида яқин қариндошлар яъни ота фарзандга, ака укага, эр хотинга ёки хотин эрга суиқасд қилганлиги борасида 47 та ҳолат аниқлангани ҳақида маълумот берилди.

Вазирлик ахборотига кўра, республика ҳудудида вояга етмаганлар жиноятчилиги 89 тага (305тадан 216тага), ёшлар (18-30 ёш оралиғидаги) жиноятчилиги 2 минг 85 тага (5 минг 378 тадан 3 минг 2293 тага), жиноят содир этган мактаб ўқувчилари сони 111 нафарга (331дан 220тага), академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари сони 150 нафарга (278дан 128тага) ва ишламасдан юрган уюшмаган ёшлар сони 433 нафарга (1 минг 869дан 1минг 436тага) камайишга эришилган.


Мавзуга оид