Ўзбекистон 862 11.06.2019 15:52:05

Ва ниҳоят Корея ишга жойлаш тизимидаги монополияга барҳам бериладиган бўлди

Ва ниҳоят Корея ишга жойлаш тизимидаги монополияга барҳам бериладиган бўлди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Корея Республикасида меҳнат қилиш ниятидагилар учун тест асосида корейс тилидан билим даражасини аниқлайдиган янги шаффоф тизимни ишга туширди.

Шу муносабат билан вазирлик мавжуд ҳолатга ойдинлик киритиш, шунингдек, янги тизимнинг афзалликларини аёнламоқчи.

Ўзбекистон ва Корея меҳнат вазирликлари ўртасида имзоланган Меморандумга асосан Ўзбекистон фуқаролари корейс тилида икки босқичли имтиҳондан ўтиши керак: саралаш ҳамда асосий (EPS-TOPIK) тест имтиҳонлари. EPS-TOPIK имтиҳони Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўтказилади. Яқингача саралаш имтиҳони Тошкент шаҳрида жойлашган ташкилот томонидан ўтказилган эди. Бу эса монополия ҳолатини келтириб чиқарган. Устига устак ҳудудлардаги юртдошларимиз учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқарган.

Ташкилот тест натижаларига асосланиб, фуқароларнинг билим даражасини кўрсатувчи рейтинг кўрсаткичларини тузмаган. Фуқароларни саралаш ва кейинги босқичга ўтказиш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юкланган эди. Бу ташкилотда эса тест натижаларининг қанчалик ҳаққоний кечгани тўғрисидаги маълумотларни текшириш имкони йўқ эди. Шунингдек, саралаш тестларнинг аксари ОТМ томонидан тузилган бўлиб, уларнинг корейс томони қабул қилган EPS-TOPIK саволларига муталқо алоқаси йўқ эди.

Бир сўз билан айтганда, тест асосида саралаш тизими шаффоф бўлмагани ўлароқ, фуқароларга ҳам тушунарсиз эди. Бу эса аҳоли норозилигию, коррупциясининг авж олишига сабаб бўларди. Бунинг устига Корея Республикаси Ўзбекистон фуқароларининг корейс тилини билиш даражасидан мудом норози бўлар эди. Шу сабабдан бир неча маротаба сифатни ошириш ҳамда саралашдаги монополияга чек қўйиш ташаббуси билан чиққан эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябридаги фармойишига асосан, хорижга меҳнат қилиш учун йўл олаётган фуқароларнинг тилга оид билимларини баҳоловчи марказларни аккредитациядан ўтказишнинг янги тизими яратилди.

Янги тартибга кўра, монополияга барҳам берилди, фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида ҳудудларда хорижий тилга оид кўникмаларни баҳоловчи марказлар ташкил этилди. Саралаш саволларига келсак, улар ҳам EPS-TOPIKга ҳамоҳанг анчагина енгил тарзда тузилди. Муҳими, тест марказлари Бандлик ва меҳнат вазирлиги билан ўзаро келишув асосида саралаш тест тизимида иштирок этиши мумкин.

Тест марказлари фуқароларни мустақил равишда танлайди ҳамда максимал 70 фоиздан юқори баллни қўлга киритганлар рўйхатни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тақдим этади. Шу билан бирга, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижий экспертларни жалб этган ҳолда танлов асосида исталган тест натижасини текшириб кўриши мумкин. Онлайн режимда ишловчи динамик рейтинг ишга туширилиши натижасида исталган талабгор қайд этаётган натижаларини вазирлик веб-сайти орқали текшириб бориши мумкин.

Мазкур янги тизим томонларнинг тест жараёнидаги шаффофликни таъминлашдаги масъулиятини оширади.
Янги тизим жорий этилгунга қадар тест топшириб, тест марказлари томониджн сертификат олган фуқаролар динамик рейтинга киритилади.


Мавзуга оид