Ўзбекистон 211 10.06.2019 12:42:23

Самарқандда 32 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилган

Самарқандда 32 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилган

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилган хабарга кўра, Давлат хизматлари марказларининг иши аҳоли ва давлат хизмати кўрсатувчи идоралар учун янгилик бўлган. Унга мослашиш, кўникиш учун вақт талаб этилиши ваколатли идоралар томонидан давлат хизматини ўз вақтида ва сифатли кўрсатишга тўсиқ бўлмоқда.

Таҳлиллар натижаси, энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари кадастр, қурилиш идоралари, ҳокимликлар ва коммунал хўжалик ташкилотлари томонидан йўл қўйилганлигини кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш ва мазкур ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида Агентлик томонидан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти бўйича қўлланилган ҳуқуқий таъсир чоралари натижасида 161 нафар шахс маъмурий ва 17 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Ваколатли идораларнинг аксарият масъул ходимлари қўлланилган чоралардан ўзларига тегишли хулоса чиқарган ҳолда фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиб, сифатли давлат хизмати кўрсатишмоқда. Бироқ, давлат хизмати кўрсатишда белгиланган тартибга қайта-қайта риоя этмаётган ходимлар ҳам учрамоқда.

Ўтган давр мобайнида давлат хизматини кўрсатишда такрор ва такрор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган ваколатли идораларнинг 32 нафар масъул ходими икки ёки уч мартадан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Жазо чоралари қўлланилган раҳбар кадрлар вилоятнинг Самарқанд шаҳар, Оқдарё, Жомбой, Пастдарғом, Самарқанд, Ургут, Қўшработ ва Булунғур туманларида кўпчиликни ташкил этмоқда, деб ёзади манба.


Самарқанд давлат хизматлари маркази тўсиқ