Ўзбекистон 346 08.04.2019 13:58:13

Масъулият бўлсагина, муаммога ўрин қолмайди

Масъулият бўлсагина, муаммога ўрин қолмайди

Шу кунларда мамлакатимизнинг жанубий ҳудуди — Сурхондарё вилоятининг қатор туманларида Президентимизнинг давлат маслаҳатчиси ўринбосари А.Усманов, вилоят Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмуратовлар ҳамда қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари томонидан сайёр қабул ўтказилмоқда.

Ана шундай сайёр қабуллардан бири вилоят марказидан 107 километр узоқликда жойлашган Қизириқ тумани “Етимқум” маҳалласида бўлди. Унда иштирок этган 152 нафар фуқаронинг турли масалаларга оид 199 та мурожаати кўриб чиқилди ва уларнинг аксарияти шу жойнинг ўзидаёқ ҳал этилди. Жумладан, туманнинг “Бағрикенг” маҳалласида яшовчи Камола Шобердиева ва турмуш ўртоғи Баҳодир Сапаровлар 2008 йилдан буён 3 нафар фарзандига расмий никоҳдан ўтмагани сабабли, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни олишмаган. Бу мурожаат туман ФҲДЁ бўлими билан бирга ўрганилиб, эр-хотинга расмий никоҳ расмийлаштирилди ва фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар топширилди.
photo_2019-04-08_15-59-44.jpg
 Бундан ташқари, “Кармаки” маҳалласида яшовчи Мақсуда Ўрозова йиллар давомида “Микрокредитбанк”нинг туман филиалига янги иш ўринларини яратиш мақсадида тикувчиликни ривожлантириш учун кредит ажратишни сўраб келган. Аммо унинг мурожаати қаноатлантирилмаган. Қабул жараёнида ушбу масала атрофлича ўрганилиб, “Микрокредитбанк” туман филиали фуқаро Ўрозова Мақсудага қонуний тартибда 7 миллион сўм кредит маблағи 5 апрель куни чиқариб берилиши кафолатланди.

 Денов тумани аҳолиси мурожаатларининг аксарияти ҳам жойида ҳал этилди. Хусусан, тоғли Сина қишлоғидан Сайёра Темирова оилавий шароити яхши эмаслиги ва ишлаш истаги борлигини айтди. Шундан сўнг, масала жойнинг ўзида ҳал этилиб, Сайёра Темирова ўзининг уйига яқин бўлган 14 қишлоқ врачлик пунктига ишга кирди. Шодиев Қурбонали исмли яна бир фуқаро эса тақдир тақозоси билан оғир шароитга тушиб қолган. Гап шундаки, унинг турмуш ўртоғи бир неча йилдан буён жигар церрози билан оғрийди. У бугунги кунда турмуш ўртоғи учун дори-дармон олишда моддий қийинчиликка дуч келмоқда. Ушбу масала Денов туман ҳокими Б.Иботов ва тиббиёт бирлашмаси раҳбари Й.Бўриев томонидан назоратга олиниб, унга моддий ёрдам ажратилди.
photo_2019-04-08_15-59-53.jpg
 Қабулда Денов туманидаги “Дашти чинор” маҳалласи фуқароси Тўраев Шоҳруҳ тадбиркорликни йўлга қўйиш истагини билдирди. Натижада шу жойнинг ўзида 4-сектор раҳбари — Денов туман солиқ инспекцияси раҳбари Одил Ёқубов Шоҳруҳга “Микрокредитбанк” Денов туман бўлимидан 28 миллион кредит расмийлаштириш учун тавсифнома расмийлаштирди. Шундай қилиб, туманда ўтказилган қабулда 186 та мурожаат эшитилган бўлса, уларнинг 51,3 фоизи жойида ҳал этилди. Қолган 48,7 фоизи назоратга олинди.

  Шу ўринда кишини бир ҳолат чуқур ўйга толдиради: аксарият мурожаатлар ечими йиллар давомида пайсалга солиб келинаётганининг сабаби нимада? Ана шу ҳақли савол мутасадиларнинг ҳаловатини бузса, ўз вазифасига масъулият билан ёндашсагина, муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишига ва аҳолининг эртанги кунга бўлган умидини оширишга хизмат қилди.


сайёр қабул сурхондарё

Мавзуга оид