Ўзбекистон 314 31.05.2019 12:48:02

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши қонунчилик талабларини қаноатлантирмайди

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши қонунчилик талабларини қаноатлантирмайди

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Хабарда келтирилишича, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаати ва унинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ётади. Фуқароларининг эркин ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Конституция билан ўрнатилган ушбу кафолатга амалда риоя қилиниши адлия органлари томонидан ўрганилди ва баҳо берилди. Бунда, 100 мингдан ортиқ фуқаролар ўртасида тест синовлари, аноним ва анкета усулида сўровлар ўтказилди.

Таҳлиллар жойларда бу борада айрим тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, ходимларнинг иш вақтига риоя этмаслик, ҳақ тўламасдан қўшимча ишга жалб қилиш, иш ҳақини вақтида тўламаслик ёки иш ҳақидан асоссиз ушлаб қолиш, шунингдек, етарли меҳнат шароитларини таъминламаслик каби салбий ҳолатлар кузатилди.

Шу билан бирга, иш берувчилар томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволини қониқарли даражада эмас. Масалан:

1. Қонунчиликка кўра, 6 кунлик иш ҳафтасида кунлик – 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланган. Иш вақтидан ташқари ишлашга фақат ходимнинг розилиги билан ва камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланган ҳолда йўл қўйилади.

Бу каби қоидалар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Иш вақтини ҳафтасига 40 соат давомида қисқартириш тўғрисида”ги Конвенциясида ҳам назарда тутилган.
Бироқ, сўров натижалари айрим иш берувчилар томонидан бу талаблар қўпол равишда бузилганлигини кўрсатди. Масалан, иш вақтига риоя қилмаслик, дам олиш ва байрам кунлари ишга чиқишга мажбурлаш ҳолатлари кўпроқ банк-молия (32,1%), таълим (30,5%) ва соғлиқни сақлаш (28,2%) соҳаларида мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудлар мисолида эса ходимнинг иш вақтидан ортиқ ёки дам олиш ва байрам кунлари қўшимча меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кўпроқ Самарқанд (40,5%), Андижон (34,5%) ҳамда Тошкент вилоятларига (32,9%) тўғри келиши қайд этилди.

2. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ходимнинг розилигисиз унинг вазифасига кирмайдига ишга жалб этиш тақиқланиши белгиланган.

Бироқ, ходимнинг розилигисиз уни вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатлари ҳанузгача кузатилаётганлиги ташвишлидир. Бу каби ҳолатлар кўп ҳолларда молия (19,3%) ва хўжалик бошқаруви органларида (19,1%) ҳамда таълим тизимида (16,8%) учрашини кузатиш мумкин.

3. Қонунчилик талабига асосан, ходимнинг иш ҳақидан олиб қолишга унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Бироқ, иш берувчилар томонидан ходимнинг розилигисиз унинг иш ҳақидан ушлаб қолинаётганлиги ҳолатлари ҳамон давом этаётганлигини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ҳам эътирозли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мазкур турдаги қонунбузилишлар кўпинча банкларда (23%), соғлиқни сақлаш (26,3%), молия (23,9%) ва таълим (20%)соҳаларида учрашлигини кўриш мумкин. Бундан ташқари, ўтказилган тадбирларда иштирокчиларнинг 16,6 фоизи иш жойида меҳнатни муҳофаза қилиш (хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғини сақлаш) чоралари кўрилмаганлигини таъкидлашган.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексида ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш чораларини кўриш иш берувчининг асосий мажбуриятларидан бири эканлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенцияда ҳам бу борада қоидалар ўрнатилган бўлиб, унга кўра, ишчиларни иш жойида узоқ вақт давомида сақлаб қолишга мажбур қиладиган ишларни бажаришдан олдин улар учун тегишли гигиена шароитлари ва зарур тиббий ёрдамни таъминлаш бўйича барча чораларни кўриш, жумладан, вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни таъминлаш лозим.

Меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлигининг яна бир сабабларидан бири сифатида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича билимлари етарли эмаслигини кўрсатиш мумкин. Жумладан, ўтказилган тест синовлари натижасида кунлик иш вақти нормасини – 32%, ходимни қўшимча ишга жалб қилиш тартиби ва тўлов миқдорини – 32,1%, меҳнат таътилига чиқиш тартибини – 29,1%, ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш тартибини – 29,2%, касаба уюшмаларининг вазифаларини – 32,1%ходимлар билмаслиги маълум бўлди.

Қайд этиш лозимки, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқига тўлиқ риоя этилмаслиги республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин.

Ўз навбатида мазкур ҳолатлар келгусида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишига, ходимлар томонидан ишлар сифатсиз бажарилишига, шунингдек, уларнинг соғлигига жиддий зарар етишига олиб келади.

Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларини аввало қонунларга итоат этишга, қўл остидаги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишга, шунингдек, меҳнат муносабатларини ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида барпо этишга чақиради ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиради, деб ёзади манба.


Меҳнат ҳуқуқлари Адлия

Мавзуга оид