Ўзбекистон 469 31.05.2019 10:01:48

Сеулда яна бир ўзбекистонлик фалокатга учради

Сеулда яна бир ўзбекистонлик фалокатга учради

Мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотларга кўра 2019-йил 29-май куни Ўзбекистон фуқароси Алишер Жовлиев қурилаётган бинонинг юқори қаватидан тушиб кетган ва оғир аҳволда “Кангвон” университети касалхонасига олиб борилган, Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-Ҳуқуқий департаменти ахборот берди.

Жабрланувчи Корея Республикасига 20-май куни Чунчон шаҳридаги “Кёнгин” университетининг тил ўрганиш курсида ўқиш учун келган ва пул ишлаш мақсадида жисмоний меҳнат билан шуғулланган.

Дипломатик ваколатхона вазиятни назоратга олган, иш берувчи ва ватандошимиз даволанаётган касалхона раҳбарияти билан алоқа ўрнатган. Иш берувчи ташкилот ташкилий масалаларни ҳал қилиш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплашга тайёрлигини билдирган.

Корея Республикасининг тегишли хизматлари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Сеул шаҳридаги Элчихонамизга қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +82-02-574-65-54, +82-02-577-36-60.


Сеул фалокат