Ўзбекистон 292 31.05.2019 08:24:55

Икки жойдан имтиёзли пенсия олаётган уддабурон фуқаро аниқланган

Икки жойдан имтиёзли пенсия олаётган уддабурон фуқаро аниқланган

Бу ҳақда Молия вазирлигининг Матбуот маркази хабар берди.

Хабарда айтилишича, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Э.Н. 1999 йил 24 августда имтиёзли ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб Пенсия жамғармасининг Термиз шаҳар бўлимига мурожаат қилган. Мурожаатчи ўз аризасига имтиёзли меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотнома ҳамда пенсия тайинлаш учун бошқа зарур ҳужжатлар нусхасини илова қилган. Аризага асосан Пенсия жамғармасининг Термиз шаҳар бўлими томонидан ушбу фуқарога имтиёзли ёшга доир пенсия тайинлаган.

Пенсионер Э.Н.да 2 та фуқаролик паспорти мавжуд бўлган. Ушбу фуқарога ўзининг қонунчиликка зид равишда 2002 йил 4 ноябрда Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар Яшнобод туман (собиқ Хамза туман) бўлимига меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотномалари асосида 54 ёшдан ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган. Аризачининг тақдим қилган ҳужжатларида ҳеч қандай шубҳали ҳолат кузатилмаганлиги сабабли Пенсия жамғармаси Яшнобод туман (собиқ Хамза туман) бўлими томонидан яна бир бор ёшга доир пенсия тайинланган.

“Пенсия жамғармаси ходимлари томонидан камерал тартибда ўтказилган текширишларга асосан фуқаро Э.Н. иккита пенсия олаётганлиги аниқланган. Натижада 83,0 млн.сўмлик жамғарма маблағлари ортиқча сарфланганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун материаллар ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига берилган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланиши белгиланган.

Мазкур қонун талабига кўра фуқароларга бир вақтнинг ўзида икки паспорт эвазига икки маротаба имтиёзли ёшга доир пенсия тайинланиши, балки бир фуқарога икки хил турдаги пенсия тайинланиши ҳам мумкин эмаслиги назарда тутилган, деб ёзади манба.


Пенсия уддабурон