Ўзбекистон 123 29.05.2019 09:16:13

“Коррупциясиз соҳалар” лойиҳаси амалга оширилади

“Коррупциясиз соҳалар” лойиҳаси амалга оширилади

“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Фармоннинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Ушбу фармон Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида ишлаб қилди. Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларига мувофиқ амалга татбиқ этиляпти.

Фармонга мувофиқ, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда – Идоралараро комиссия)нинг янгиланган таркиби тасдиқланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар икки ой муддатда Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишда самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқиш ва Идоралараро комиссия билан келишиш белгиланди.
Олий Мажлис палаталарида ташкил этилган коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига Идоралараро комиссия икки ой муддатда коррупцияга қарши курашиш бўйича намунавий тадбирларнинг идоравий дастурини муҳокама қилиш ва келишиш учун киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинди ва улар зиммасига қатор вазифалар юкланди.

Фармонда, шунингдек, қуйидаги топшириқлар берилди:

а) коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш,судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;

давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;

фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;

б) идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.

Қолаверса, фармонда 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари зиммага юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳоланиши қаътий белгиланди. Эндиликда фармон билан коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантирилади.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлиши белгиланди.
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилади.

2019 йил 1 августидан бошлаб эса эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилади. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, ушбу лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Ҳар йили 1 апрелга қадар тегишли соҳаларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиш белгиланди.


Коррупция