Ўзбекистон 347 28.05.2019 15:11:08

Сеулда даволанаётган Абрам Оқилов соғлиғи барқарорлашмоқда

Сеулда даволанаётган Абрам Оқилов соғлиғи барқарорлашмоқда

Human.uz сайтимизда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги шифохоналардан бирида даволанаётган ўзбекистонлик Абрам Оқилов ҳақида “Корея шифохонасида комада ётган Абрам Оқилов оиласига амалий ёрдам кўрсатилдими?” сарлавҳали журналистик суриштирув эълон қилинган эди.

Бугун 2019 йилнинг 28 май куни Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий Департаменти бу борада ахборот берди.

Департамент ахборотида айтилишича, Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотларга кўра мамлакатимиз фуқароси Абрам Оқиловнинг соғлиги ҳолати уни даволаётган шифокорлар томонидан “барқарор” деб баҳоланмоқда. Айни пайтда беморнинг олдида бўлиб турган онаси, акаси ва синглисига уни аравачада касалхона ҳудудида сайр қилдиришларига шифокорлар томонидан рухсат берилди.

Абрам Оқилов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали 2017-йилнинг ноябрида Жанубий Кореяга келган ва 2018-йилнинг 27-июл куни комага тушиб қолган.

Элчихона, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси ҳамда адвокатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида суғурта компанияси ватандошимизнинг Жанубий Корея касалхонасида даволаниши билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш ва унинг меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Дипломатик ваколатхона мазкур масалани назоратга олган ва беморга ғамхўрлик қилаётган қариндошлари билан доимий мулоқотда бўлиб турибди, деб ёзади манба.


Сеулда даволанаётган А.Оқилов

Мавзуга оид