Ўзбекистон 473 25.05.2019 10:07:46

Риштондаги халқ кутубхонаси бузилади. Янгиси қуриладими?

Риштондаги халқ кутубхонаси бузилади. Янгиси қуриладими?

“Фейсбук” ижтимоий тармоғида Дима Қаюм номи билан халққа танилган тадбиркор, маърифат тарғиботчиси риштонлик Дилшод Болтабоев томонидан асос солинган “Рошидоний” халқ кутубхонаси биноси бузилади. Бу ҳақида тадбиркорнинг ўзи маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Риштон тумани ҳокими Т.Раҳимовнинг 2019 йил, 22 май куни 68-ф фармойиши қабул қилинган бўлиб, фармойиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил, 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги №2853-сонли қарори ҳамда Риштон тумани деҳқон бозори МЧЖнинг 2019 йил, 21 майдаги 226-сонли алоқа хатига асосан қабул қилинган.

Биз тадбиркор билан мазкур ҳолат юзасидан суҳбатлашдик. У бузилишлардан хафа эканини яширмади.

“Риштонимизнинг қиёфаси янгиланишидан, албатта, мен ҳам хурсандман. Бироқ лойиҳа тугаётганидан тушкунликка тушиб қолдим. Кутубхонамизда китобларнинг умумий сони 2000 тадан ошганди. Ҳар куни ўртача 30-40 нафар китобхон келиб, мутолаа учун адабиётлардан уйга олиб кетади. Айниқса, мактаб ўқувчилари орасида ўзбек ва жаҳон адабиётига қизиқиш жуда катта. Кўпчилик ўрганди. Шу лойиҳага ҳисса қўшган халқимизга, тадбиркорларимизга катта раҳмат. Тўғриси айтсам, кутубхона бузилишидан кайфиятим тушди. Ҳар ҳолда осонлик билан барпо бўлмади. Бошқа жойдан ер берган тақдирда ҳам бундай даражада қуришга моддий имкониятим етмайди. Биласиз, “Рошидоний” кутубхонаси халқимиз ёрдами билан бунёд этилган ва айнан унинг бозорда қурилгани билан бошқалардан ажралиб турарди. Халқдан яна пул сўрай олмайман, юзим чидамайди. Эҳтимол, қачонлардир моддий имкониятим кўтарганда ўзим тикларман”, деди Дима Қаюм.

Тадбиркор билан суҳбатимиздан бир кун ўтар-ўтмас Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов “Фейсбук”даги расмий саҳифасида шундай пост қолдирди:

“Менга «Фейсбук» ижтимоий тармоғи орқали Дима Дилшод Қаюм Болтабоев (Дима Қаюм) Дима Қаюм тахаллуси билан танилган риштонлик тадбиркор ва блогер Дилшод Болтабоевдан сиз суратда кўриб турган мурожаат келиб тушди.

Дима Қаюм, энг аввало, сизга китоб мутолааси ва унинг тарғиботи йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларингиз, Президентимиз сиёсатини тарғиб этиб, бизга бу борада кўмакчи бўлаётганингиз учун раҳмат. Ҳеч шубҳасиз, китобхонлик ва мутолаа бугунги куннинг энг муҳим ҳамда долзарб масалалардан биридир.

Мурожаатингизда айтилган масала атрофлича ўрганилди ва уни ҳал этиш чоралари кўриляпти. Сизга телефон орқали қўнғироқ қилиб айтганимдек, бугунги кунда туманда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошланган. Биз вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович билан келишган ҳолда, сизнинг кутубхонангиз ўз фаолиятини давом эттириши учун керакли чораларни кўряпмиз. Кутубхона учун тумандаги энг яхши жойни танласангиз, ўша ерда биргаликда кутубхона қурамиз.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиман — Агентлик китобхонликни тарғиб қилишга бел боғлаган ҳар бир кишини ҳимоя қилишга, қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайёр. Сиз ва сиз каби китобхонликка бефарқ бўлмаган, бу борада ўзининг беғараз хизматини аямаётган инсонлар билан ҳамиша биргамиз”, дея пост қолдирди.

Кўриниб турибдики, айни вазият борасида ижобий ўзгаришлар бошланган. Агентлик раҳбари лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Демак, Дима Қаюмнинг “Халқ кутубхонаси” лойиҳаси янгича даражада давом эттирилиши мумкин.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Тан олиш керакки, моҳир кулоллари ва сархил мевалари билан ном қозонган Риштон тумани Дима Қаюм сабабли маърифат мухлисларининг эътибори тушган туманга айланди. Қолаверса, унинг ташаббуси билан қадр ростлаган халқ кутубхонаси нафақат маҳаллий, балки хорижий ОАВда ҳам кенг ёритилди. Риштонга йўли тушган инсон борки, мазкур кутухонани бир кўрмай қайтмайдиган бўлди.

Шу ва шу каби бошқа омилларни ҳисобга олиб, биринчи галда шахсан ҳоким Т.Раҳимовнинг ўзи бу лойиҳанинг янги манзилда давом этишини назоратга олса, қўллаб-қувватлаб, ёрдам берса, нур устига нур бўларди. Зеро, миллатни юксалтирадиган ҳам, мамлакатни ривожлантирадиган ҳам китобдир. 


Мавзуга оид